Пленумда келгусидаги аниқ режалар белгилаб олинди

25.05.2022 13:05:11

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгашининг 2021 йилдаги фаолияти юзасидан хисоботи ва 2022 йилдаги устувор вазифаларига бағишланган навбатдаги Пленуми ўтказилди. Унда “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши аъзолари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, туман Кенгаши депутатлари, партия электорати вакиллари, Тошкент шаҳар партия ташкилоти ходимлари, “Ёш адолатчилар”, “Аёллар қаноти”, “Ёшлар парламенти” аъзолари ҳамда ОАВлар ходимлари иштирок этишди.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ўтган 2021 йилда ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси, 2021 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси”, 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси, Мурожаатномада белгиланган вазифалар, шунингдек, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Ҳаракатлар дастури ҳамда 2021 йил 2 февралда сиёсий партиялар вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувида белгиланган устувор вазифаларга мувофиқ олиб борди.

Партия аъзолари сафини кенгайтириш, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш, кадрлар захирасини мустаҳкамлаш, аъзолик бадаллари тушумини тизимли йўлга қўйиш ва тўлиқ таъминлаш, партия фаолларининг сиёсий билимлари ва фаоллигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳисобот даврида партия аъзолари сони 2320 нафарга кўпайиб, умумий аъзолар сони 18331 нафарни, бошланғич партия ташкилотлари сони эса
14 тага ўсиб, 250 тани ташкил қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг partiya.argos.uz жорий этилди. Натижада, туман, шаҳар Кенгашлари билан маълумот алмашиш тизимининг осонлаштирилгани туманлар фаолиятини доимий мониторинг қилиб бориш, уларнинг фаолияти устидан самарали назорат ўрнатиш имконини яратди.

2021 йил давомида партия томонидан халқ билан юзма-юз мулоқот ўрнатиш мақсадида партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида барча даражадаги депутатлик корпуслари иштирокида жойларга қонунларнинг етиб бориши ва уларнинг ижросини ўрганиш ишлари ташкил этилди. Партиянинг барча туман Кенгашларида партия фаоллари ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари мунтазам равишда жойларда “маҳаллабай” ва “фуқаробай” тарзда халқ билан юзма-юз мулоқотлар ўрнатилди.

Галдаги вазифалар сифатида эса 2022 йилга мўлжалланган маҳаллий ижро ва вакиллик органлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга, хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги мавқеини янада оширишга, жамиятда тиббий маданиятни юксалтиришга қаратилган қарор лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш кўзда тутилган. Бу йил ёшларга катта эътибор қаратиш мақсадида “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари иштирокида партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида!” лойиҳаси доирасида “Парламент ва ёшлар”, “Депутат ёшлар даврасида” мавзуларида амалий чора-тадбирларни кўпайтириш вазифаси мақсад қилинган.

Пленум сўнгида фаоллик кўрсатган бир гуруҳ Тошкент шаҳар Кенгаши депутатларига ташаккурномалар топширилди.

 

Шоҳрух ТОШТЕМИРОВ,

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши

Ташкилий-партиявий ишлар бўйича мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+