Президент мактаблари – янги авлод кадрлари учун имконият

02.08.2021 14:08:09

Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барча соҳалар сингари таълим тизимида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Қўлга киритилаётган ижобий натижалар нафақат юртимиз, шу билан биргаликда, халқаро мутахассисларнинг ҳам эътирофига сазовор бўлаётгани қувонарлидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йилнинг 20 февралида “Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорининг имзоланиши таълим тизимидаги ўзгаришлар  кўламини янада кенгайтириб юборди. Қарорга асосан мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятларида ташкил этилаётган Президент мактаблари талабчан, иқтидорли ўқувчи ёшларга ўз қучоғини очмоқда.

Бу мактаблар юксак салоҳиятли ёшларни тарбиялашда, янги авлод кадрларини тайёрлашда асосий бўғин бўлиши шубҳасиз. Боиси Президент мактабларида ўқувчиларга таълим жараёнлари илғор технологияларни қўллаган ҳолда олиб борилади.

Шу сабабли бўлса керак, кўпчилик инсонлар ўз  фарзандларини мазкур таълим даргоҳида ўқитишни хоҳлашмоқда. Лекин бу ерда “каттакон”ларнинг “арзандалари” ўқиса керак, деган асоссиз фикрлар ҳам йўқ эмас. Бундай ўринсиз  шубҳа ва гумонлар Президент мактабларига кириш учун бўлаётган тест жараёнларида ҳам учраб турибти. Ҳусусан, Facebook ижтимоий тармоғининг “Халқ назорати - народный контроль” деб номланган гуруҳида Президент мактабларига кириш имтиҳонларининг шаффоф ва адолатли бўлмаётганлиги, имтиҳонда ўқувчилар жавобларни ручкада эмас, қаламда белгилашгани, бу таниш-билишчилик ва коррупцияга йўл очиб бериши мумкинлиги юзасидан фикрлар билдирилган.

Аслида ҳаммаси бошқача. Имтиҳон жараёнида тест жавобларини қаламдан фойдаланган ҳолда белгилаш Cambridge Assessment ташкилоти томонидан қўйилган талабдир. Бу ташкилот томонидан ўтказилаётган имтиҳонлар 186 давлат томонидан тан олинган. Қолаверса, ўқувчиларнинг ёшини ҳисобга оладиган бўлсак, уларга қаламдан фойдаланиш қулайроқдир. Сабаби қаламдан фойдаланиш ўз хатоларини тўғирлаб олишга имкон беради. Агар хато қилган бўлса, ўчирғич ёрдамида тўғирлаш мумкин бўлади.

Биз Ўзбекистонни янги ривожланиш босқичига олиб чиқишни ўзимизга мақсад қилган эканмиз, бу вазифани рўёбга чиқаришда бизга янги авлод кадрлари керак. Шундай ватанпарвар, юксак салоҳиятли ёшларни тарбиялашда Президент мактабларининг ўрни беқиёсдир.

Пўлат ҲАМЗАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+