Президент мақоласи ўқиб-ўрганилмоқда

15.09.2022 14:09:21

Бугун бутун дунё сиёсатчиларининг нигоҳи Ўзбекистонга қаратилган десак сира муболаға бўлмайди. Боиси - мамлакатимизда улкан тарихий воқеа, катта сиёсий жараён бошланди. Бундан 20 йил муқаддам ташкил этилган йирик тузилма - Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммити бизнинг юртимизда ўтказилмоқда. Шу муносабат билан Осиёдаги дунёнинг деярли ярим аҳолиси истиқомат қиладиган ҳамда ШҲТга аъзо, кузатувчи мақомидаги ва мулоқот бўйича ҳамкори ҳисобланадиган 15 га яқин мамлакатларнинг раҳбарлари Самарқандда жам бўлдилар. Улар минтақадаги тинчлик, ижтимоий-иқтисодий, маданий, экологик каби қатор масалалар бўйича муҳокама юритадилар ва муҳим ҳужжатларни имзолайдилар.

Мамлакатимиз мезбонлик қиладиган бу йирик саммит арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» номли мақоласи эълон қилинди. Мақолада ушбу ташкилот ва саммитнинг мавқеи, унинг мақсадлари, босиб ўтган йўли, имконият ва истиқболлари, кутиладиган натижалар барча учун аниқ. батафсил баён этилган. Ташкилотнинг сиёсий ёки ҳарбий блок эмас, балки очиқ, кенг минтақавий ва глобал ҳамкорлик тарафдори, унда барча иштирокчилар тенг ва бир-бирларининг манфаатларига ҳурмат билан қарашлари, шаклланаётган янги дунёда ШҲТ бугуннинг ва келажакнинг чақириқ ва таҳдидларига қарши самарали, мулоқот механизми бўлиши кераклиги айтиб ўтилган.

наман2_5

Вилоятимизда ҳам ушбу мақолани ўқиб-ўрганишга бағишланган тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Уларнинг қатнашчилари мамлакатимиз олиб бораётган ташқи сиёсатни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашларини изҳор этмоқдалар. Ўзбекистоннинг тинчликпарварлик ва дўстлик руҳи билан суғорилган ташаббуслари ҳамма ерда катта қизиқиш билан кутиб олинаётгани таъкидланмоқда.

Куни кеча Наманган давлат университетида бўлиб ўтган навбатдаги анжуман ҳам шу масалага бағишланди. Уни ташкил этишда олий ўқув юрти раҳбарияти «Адолат» СДП вилоят Кенгаши билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатганлиги яхши самара берди. Тадбирни университетнинг ёшлар масалалари бўйича проректори Наримон Деҳқонов очди ва олиб борди. Сўзга чиққанлар ШҲТнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори тобора ўсиб бораётгани мақолада тўғри қайд этилганига тўхталдилар. Бунда бошқа аъзо давлатлар қатори Ўзбекистоннинг ҳам муносиб ҳиссаси борлиги диққатга сазовордир. Самарқанд саммити ташкилотнинг нуфузини янада юксалтиришига шак-шубҳа йўқ.

– Анжумандан сўнг бир гуруҳ ўқитувчилар ва талабалар партиямиз вакилларига саволлар билан мурожаат қилишди, - дейди «Ёш адолатчилар» қаноти фаоли Акбаржон Мансуров. – Уларга «Адолат» СДП вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Хожиматова, Наманган шаҳар Кенгашининг раиси Мирзараҳмат Олимов, «Ёшлар парламенти» аъзоси Абдулбосит Собирхонов батафсил жавоб қайтардилар. Албатта, бундан ҳамма мамнун бўлди. Пировардида иштирокчилар эътибори мақоланинг муҳим жиҳатларига қаратилиб, уни пухта ўқиб-ўрганишга даъват этилди.

Нурбек Абдуллаев

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

   

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+