Президент қарори ижроси - амалда

26.02.2021 12:02:27

Маълумки, мамлакатимизда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг бош мезони бўлиб келмоқда.

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самараси, тинчлик ва тараққиётнинг асосий гарови ҳам Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш билан бевосита боғлиқдир. Шунинг учун ҳам ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида меҳнат қилаётган инсонлар, биринчи навбатда, раҳбар ходимлар, фуқароларнинг Конституция ва қонунларни пухта билиши, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиши, бу қоидаларга бутун жамият аъзолари қатъий амал қилиши шарт бўлган муҳитни яратиш ғоят муҳим ва долзарб вазифага айланмоқда.

Мамлакатимизда жадал суръатлар билан олиб борилаётган ўзгариш ва янгиланишлар негизида, авваламбор, Конституциямизда белгиланган давлат органларининг халқ манфаатларига хизмат қилиши лозимлиги ҳақидаги қоидани амалда татбиқ этишдек эзгу мақсад мужассам экани ҳам айнан шуни тақозо этмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун кўплаб янги қонунлар ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинаётгани муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Айни вақтда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш қонун бузилиши билан боғлиқ салбий оқибатларга қарши самарали курашишни ҳамда бундай ҳолатнинг барвақт олдини олишга қаратилган таъсирчан тизимни шакллантиришни талаб этмоқда.

Қонунийликни мустаҳкамлашда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу ҳар бир шахсда қонунларга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишни ҳамда ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантиришни кун тартибига энг асосий масала қилиб қўймоқда.

Шу билан бирга, Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратининг таъсирчан шаклларини жорий этиш, оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларига ҳар қандай шаклда тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмаслик ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини кучайтириш, қонун устуворлигини сўзсиз таъминлаш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқаролик жамиятини тараққий топтиришда жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш ҳамда бу жараёнда оммавий ахборот воситалари иштирокини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Конституция  ва қонун устуворлигини  таъминлаш,бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида” 13.12.2019 йилда 4551-сонли  қарори қабул қилинди.

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимда белгилаб берилган вазифаларига мувофиқ Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Мазкур дастурни амалга оширишнинг асосий мақсади этиб  Конституция ва қонун устуворлигини, давлат органлари қарорлари, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари қонунларга тўлиқ мувофиқ бўлишини таъминлаш, қонунлар ижросини самарали ташкил этиш;

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш, ҳуқуқий ахборотни замонавий усуллар орқали кенг оммага етказиш, ҳар бир фуқаро ва мансабдор шахсларда Конституция ва қонунларга ҳурмат ҳиссини шакллантириш;

Конституция ва қонун устуворлигига эришишда давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назорати механизмларини такомиллаштириш, мустақил ва холис оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш;

одил судлов тизимини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг обрўсини ошириш ва чинакам мустақиллигини таъминлаш;

давлат ва жамият бошқарувида, давлат органларининг кундалик фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тамойилларини кучайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни халқ манфаати йўлида хизмат қиладиган идораларга айлантириш;

Конституция ва қонунларда белгиланган инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини олий қадрият сифатида янада мустаҳкамлаш, мулк дахлсизлигини кафолатлаш каби пировард натижаларга эришиш белгилаб қўйилиши ҳам жамиятимизда қонун устиворлигини яна бир бор юқори даражада ўсганлигини кўрсатиб ўтди.

2020 йил 1 мартдан бошлаб аҳоли масканларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш ва ободонлаштириш, шунингдек, уларда комплекс қурилиш ва реконструкция қилиш ишларини амалга оширишга оид қарорлар дастлаб ўша ҳудуддаги аҳоли ўртасида муҳокама қилиниб, жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиши, жисмоний ва юридик шахсларга ер ажратиш ҳақидаги ҳужжатлар қабул қилинганидан (расмийлаштирилганидан) кейин бир кун муддатда тегишли ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиб борилиб; 2020 йил 1 апрелдан бошлаб эса, шахсни ушлаш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш, ҳимоячидан воз кечиш ҳаракатларини мажбурий тарзда видео тасвирга тушириш тартиби жорий этилди ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари зиммасига улар томонидан шахс ушланганидан сўнг унинг ушлангани ва ушлаб турилган жойи тўғрисида унинг оила аъзоларидан бирини, улар бўлмаган тақдирда эса, бошқа қариндошларини ёки яқин кишиларини дарҳол хабардор қилиш бўйича мажбурият юкланди;

2020 йил 1 июлдан бошлаб ҳуқуқни чеклайдиган процессуал мажбурлов чораларини қўллаш, жумладан шахсни ушлаб туриш ҳолатлари ягона электрон ҳисобга олиш тизимига киритиб борилиши жорий этилди.

Суд ишларини ҳал этишга аралашиш, жумладан ишнинг ҳар томонлама, тўла ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш, адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарилишига эришиш мақсадида судьяга турли шаклда таъсир ўтказиш ҳолатлари бўйича жавобгарлик кучайтирилиб суд ҳуқуқ тизими тубдан ислоҳ қилинди.

Хусусан, суд идораларининг ихтисослаштириш, судьяларни лавозимига тайинлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий мақомини янада ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар кўрилди.

2021 йил 1 январдан мамлакатимизда вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар бирлаштирилиб, ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилди.

Назорат инстанциясининг тугатилиши муносабати билан 2021 йил 12 январь куни қабул қилинган қонунларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ЖПК,ФПК,ИПК ва маъмурий суд йўлларини юритиш тўғрисидаги кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига суд қарорларини қайта кўриш  институтини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. 

“Бир суд-бир инстанция”  тамойили асосида туманлараро,туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят даражасидаги судлар томонидан апелляция тартибида, апелляция тартибида кўрилган суд қарорларини эса  Ўзбекистон Республикаси Олий суд томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, кассация тартибида кўриб чиқилган  ишлар бўйича суд қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш тартиби белгиланди.

Апелляция ва кассация инстанцияси судлари бир хил вазифани бажариб, биринчи инстанция судларининг бир хил вазифани  бажариб, биринчи инстанция судларининг қарорларини қайта кўриб чиқиши, улар бири қонуний кучга кирмаган суд қарорлари устидан берилган шикоятларни, иккинчиси эса қонуний кучга кирган суд қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиши билан фарқланишини айтиб ўтиш жоиз.

Эндиликда апелляция шикоятларини бериш муддатлари 20 кундан бир ойга қадар узайтирилгани, кассация тартибида шикоят бериш муддатлари 6 ойдан фарқли равишда бир йил этиб белгиланганлиги ҳам фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоясини таъминлашга кенг асос эканлигини билдиради.

 

Г.А.Худайбердиева,

партия фаоли,

Навоий вилоят суди 

ФИБ судлов ҳайъатининг судьяси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+