Президент Тошкент вилояти ташаббусини маъқуллади

01.04.2024 11:04:09

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида «Яшил макон» лойиҳаси доирасида баҳорги экиш мавсумини ташкил қилиш ҳамда чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда давлатимиз раҳбари «Яшил макон» доирасидаги устувор вазифаларни белгилаб берди. Бу йил баҳорда «Яшил макон» лойиҳаси доирасида 125 миллион туп кўчат экиш белгиланган.
Шунингдек, ҳудудларда ободонлаштириш, тозаликни таъминлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилиниши белгиланди. Йирик саноат корхоналарида, барча саноат зоналари атрофида яшил ҳудудлар ташкил қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Экилган кўчатларнинг униб-ўсиши ва тўғри парвариш қилинишига алоҳида эътибор бериши лозимлиги таъкидланди.


Ушбу видеоселектор йиғилишида Тошкент вилоятининг дарахт экиш бўйича ўзига хос лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Лойиҳада вилоятдаги туманлар ҳудудидан 34 гектар ер 30 йил муддатга ободонлаштириш бошқармаларига берилиши, ҳар 1 гектар учун маҳаллий бюджетдан 100 миллион сўм ажратилиб, томчилатиб суғориш тизими жорий қилиниши, ер тайёр ҳолга келтирилиб, дарахт экиш хоҳиши бор аҳолига ўзи истаган турдаги кўчатни экиши учун шароит яратилиши белгиланган.


Таъкидлаш зарурки, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган "Тошкент ИЭС" АЖ жамоаси ҳам «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида фаол иштирок этмоқда.
Бугуннинг ўзида-ёқ станция ҳудудидан ўтган «Бўзсув» канали атрофига 100 тупдан зиёд Павлония ва Катальпа сингари хушбўй гулли дарахтлар экилди. Ёмғирга қарамай, ободонлаштириш гуруҳининг бу ташаббусидан четда қолмаслик учун, биз ҳам яхши ниятда дарахт экиш ишларида иштирок этдик.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси асосида тумандаги «Фаровон», «Янгиобод», «Зебинисо» ва «Янгийўл» маҳаллалари аҳолисига яна 200 туп кўчатлар етказиб берилди.
Айни кунда корхона ҳудудини ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. 800 тупдан зиёд мевали ва манзарали кўчатлар ҳамда 2000 туп гул кўчатлари экилиб, уларни парваришлаш ишлари бошлаб юборилди. Энергоқурилмаларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида атрофи ўт-ўланлардан тозаланди, кўп йиллик дарахтлар оқланди.
Ушбу хайрли ишлар корхона томонидан Тошкент шаҳри ва вилояти мактабларида ҳам давом эттирилмоқда. Мирзо Улуғбек туманининг 279 ва 221-мактаблари ва Қибрай туманининг 29-мактабига корхона томонидан гилос, нок, хурмо, олма сингари 200 тупга яқин кўчатлар экиб берилди.

Гулнора АҲМЕДОВА,
Халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+