Президентимизнинг хайрли ташаббуслари партиямиз вакиллари учун дастуруламал бўлиб хизмат қилиши керак

27.12.2021 14:12:21

Якунига етиб бораётган йилни илиқ хотиралар билан кузатиб, янги йилни янги эзгу мақсадлар билан қарши олишимизга ҳам саноқли кунлар қолди. Байрам арафасида барчамиз йил давомида эришилган натижалар, қўлга киритилган ютуқларни сарҳисоб қилар эканмиз, юртимизда ҳар бир соҳадаги оламшумул янгиликлар ва ислоҳотларни кузатиб, қалбимиз ғурур ва ифтихорига тўлади, албатта.

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, ушбу эзгу ўзгаришлар замирида Давлатимиз раҳбарининг халқпарвар, одилона сиёсати, жонкуярлик ва фидойилик билан юртдошларимизнинг турмуши фаровонлигини таъминлашга интилаётганлиги мужассамдир.

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига бўлган ҳар бир ташрифи алоҳида тарихий воқеликка айланмоқда. Бунинг самарасига сизу биз бугун гувоҳ бўлиб турибмиз. Кейинги йилларда вилоятимиз изчил ўзгаришлар, кескин ривожланишлар, улкан қурилиш жараёнлари объектига айланмоқда. Кечагина қаровсиз ҳолда ётган ерларда бугун кўп қаватли, замонавий бино ва иншоотлар, сайлгоҳу сўлим истироҳат боғлари қад ростлади. Вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари тобора кўркам ва гўзал қиёфага кириб бораётгани қувонарли.

Куни кеча Президентимиз Тошкент вилоятининг индустриал жиҳатдан муҳим ҳудуди - Олмалиқ шаҳрига ташриф буюрди. Ташриф чоғида аввало, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида бўлиб, йирик саноат лойиҳалари, ижтимоий соҳа фаолияти билан танишди, аҳоли билан мулоқот қилди. Ушбу комбинат шаҳардаги ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий ривожланишлар, ишга туширилган янги корхоналар, таълим ва тиббиёт муассасаларининг «драйвери» ҳисобланади. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг 7 фоизи, экспорт ҳажмининг 15 фоизи мазкур комбинат ҳиссасига тўғри келади. Охирги йилларда янги конлар топилиб, ишлаб чиқариш ҳажми ошмоқда. Бу эса вилоятнинг, хусусан Олмалиқ шаҳрининг муҳим саноат объекти сифатида муҳим ўрни ва ролини белгилайди.

Давлат раҳбари жорий йил 29 июль куни тамал тоши қўйилган Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 3-мис бойитиш фабрикаси қурилиш жараёнини кўздан кечирди. Ҳозирда 107 гектар майдонда фабриканинг пойдевор қисми қурилмоқда.

Ушбу комбинат, умуман, келгусида ҳар бир саноат корхонаси ўзини ўзи муқобил электр энергияси билан таъминлаши зарурлигини таъкидлади. Илмий тадқиқотларни ва мақсадли аспирантурани кенгайтириш, Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ филиали салоҳиятини ошириш бўйича топшириқлар берилди. Президентимиз бу ердаги қурилиш ишларини жадаллаштириб, 2023 йил якунига қадар ишга тушириш бўйича тавсиялар берди.

- Энг асосийси, келгуси икки йилда комбинатда замонавий бошқарув тизимини жорий этиб, уни давлат ёрдамисиз ишлай оладиган, дунёнинг етакчи металлургия компанияларидан бирига айлантириш асосий вазифа бўлиши керак, - деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, комбинатни трансформация қилиш доирасида аввало бошқарув тизими, ишлаб чиқариш ва логистика жараёнлари рақамлаштирилиб, операцион самарадорликни оширишга эришилади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 мартдаги қарорига мувофиқ, комбинатда «Ёшлик-1» конини ўзлаштириш бўйича 5 миллиард 122 миллион долларлик мегалойиҳа амалга оширилмоқда.

- Бу кон - катализатор. Уни самарали ўзлаштириш билан бирга кичик конлар бўйича ҳам янги йўналиш қилиш керак. Бу ҳам қўшимча иш ўринлари, катта экспорт, дегани, - деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари янги иш ўринларини яратиш, банд бўлмаган ёшларни иш билан таъминлаш бўйича берган кўрсатмалари шаҳардаги кўплаб ёшлар қалбида катта умид ва келажакка бўлган ишончини оширди десам, муболаға бўлмайди.

Президентимиз Жанубий Кореяга давлат ташрифи чоғида Тошкент вилоятида яримўтказгичлар ва электроника кластерини ташкил этишга келишилган эди. Давлатимиз раҳбари бу борадаги ишларни жадаллаштириб, электр техникаси, энергетика, автомобиль саноати учун талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар берди.

Шунингдек, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан ҳам мулоқот уюштирилди.

- Комбинатни, албатта, зўр қиламиз. Лекин аввало одамлар рози бўлиши керак. Уйи яхши, суви чучук, электри ўчмайдиган, иши даромадли бўлиши лозим. Бунинг учун маҳаллада қандай муаммолар борлигини, уларни ҳал қилиб, одамларга шароит яратиш учун нима кераклигини сизлар айтишингиз зарур. Шунинг учун очиқ мулоқот қилсак, фойдали бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев.

Ушбу кўрсатмалар Давлатимиз раҳбарининг фуқароларимиз манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишидан далолат беради.

Бу бўйича Президентимиз мутасаддилар билан суҳбатлашиб, белгиланган режаларни рўёбга чиқаришда уларга ишонч билдириб, таклифларини қўллаб-қувватлади.

Бугунги кунда Олмалиқ шаҳри аҳолисидан бугунги ўзгаришлар сизга нима берди, деб сўрасангиз шундай жавоб оласиз: аввало, ҳамшаҳарларимизда келажакка бўлган ишонч, дахлдорлик туйғусининг юксалиши ҳамда кўтаринки кайфиятни уйғотди. Авваллари ҳам шаҳримизга эътибор бор эди, бироқ бугунги ўзгаришлар нафақат Олмалиқ шаҳрининг, балки бутун мамлакатимиз иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятининг юксалишида муҳим қадам бўлмоқда.

Президентимизнинг ҳар бир ташаббуслари “Адолат” социал-демократик партияси вакиллари учун ҳам дастуруламал бўлиб хизмат қилиши лозим. Дастурий ғоя ва мақсадларимиз, бор куч ва салоҳиятимизни инсонларни рози қилишга, манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтиришимиз керак.

“Адолат” СДП Тошкент вилояти кенгаши раиси

Бобур Мамиров

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+