Президентимизнинг Сурхондарёга ташрифи улкан янгиланишларга сабаб бўлди

20.11.2023 14:11:02

 Ҳар гал давлатимиз раҳбарининг қайсидир вилоятга ташрифидан сўнг ўша ҳудудда яшовчи инсонлар ҳаётида янги саҳифалар очилиб, улкан ўзгаришлар амалга оширилади.

Таъкидлаш лозимки, Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ҳудудлар иқтисодиёти, муҳим ижтимоий дастурлар ижроси билан танишиш мақсадида қилган бу галги ташрифи ҳам аввалгилариданда юксак бўлди. Буни рақамлар, амалга оширилажак йирик лойиҳаларда яққол кўриш мумкин.

Хусусан, юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Бойсун туманида қурилаётган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ-кимё мажмуаси ҳам ана шундай лойиҳалардан биридир.

Мажмуа йилига 5 миллиард метр куб газни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш қувватига эга бўлиб, 1050 кишини юқори даромадли иш билан таъминлаши билан ҳам аҳамиятлидир.

- Бойсунликлар ўз туманида шундай улкан завод қурилгани, минглаб янги иш ўринлари пайдо бўлганини сезиши керак. Энди бу мажмуа атрофида турдош соҳаларни ривожлантириш лозим, — деди Шавкат Мирзиёев.

Яна шундай йирик лойиҳалардан бири бу Тўпаланг гидроэлектр станцияси, “Зарчоб-1», “Зарчоб-2» ҳамда “Зарчоб-3» ГЭСларидир. Давлатимиз раҳбари Тўпаланг гидроэлектр станциясида модернизация ишларини кўздан кечирар экан, қилинаётган ишларни кенгайтириб, ҳар бир сой, имконияти бор ҳар бир маҳаллада микро ГЭСлар барпо этиш мумкинлигини таъкидлади.

Тўпаланг ГЭСининг умумий қуввати 175 мегаваттга этиб, Чорвоқ ГЭСидан кейин мамлакатимиздаги иккинчи йирик станцияга айланди. Бу эрда йилига қўшимча 467 миллион киловатт/соат электр қуввати яратилди. Қарийб 167 мингта хонадоннинг электр таъминоти яхшиланди. Бу йилига ўртача 107 миллион метр куб табиий газ тежалади, деганидир.

Шунингдек Шавкат Мирзиёев Сариосиё туманидаги Себзор маҳалласида бўлиб, “Баракатулло Давр Барака” фермер хўжалиги боғида полиз экинлари ривожини кўздан кечирар экан, қишлоқ хўжалигини экспортга ихтисослаштириш мақсадида вилоятда “Ин-витро” лабораториялари ташкил этиш, боғ, тоғ ёнбағри ва дала четларини хатловдан ўтказиб, экинлар учун қўшимча имкониятларни ўрганиш, олимларни жалб этиб, маҳсулотлар ҳосилдорлиги ва сифатини ошириш, қайта ишлашни ривожлантириш бўйича топшириқларни бериб ўтди.

Шундан сўнг, Президентимиз маҳалла ҳудудидаги кичик тиббиёт пунктига ташриф буюриб, у эрдаги шароитларни кўздан кечирди.

Давлатимиз раҳбари бу эрдаги тиббиёт ходимлари ва мутасаддилари билан суҳбат чоғида шифохоналар қуришга, ижтимоий дорилар таъминотига, тез тиббий ёрдамга катта маблағ ажратилаётгани, тиббиёт ходимларининг ойлик маошлари оширилиб борилаётгани, муҳими — аҳолини касаллик бўйича хавф гуруҳига ажратган ҳолда, манзилли даволаш ва соғлиғини назорат қилиш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Ташриф сўнгида Юртбошимиз бошчилигида Сурхондарё вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда Сурхондарёда жуда катта иқтисодий салоҳият, ерости ва ерусти бойликлари, мард, меҳнаткаш халқи борлиги, ҳозирча бу салоҳиятнинг ярмидан ҳам фойдаланилмаётганлиги, шароит яратиб, иш ўрни, инвестиция, экспорт ва тушумни карра-карра ошириш лозимлиги таъкидланди.

Шу боис келгуси йили вилоятда 1,5 миллиард доллар инвестиция олиб келиб, саноатда 12 триллион сўм маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортни 500 миллион долларга этказиб, 100 миллион доллар импортни қисқартириш вазифалари кўрсатиб ўтилди. 400 минг аҳолини банд қилиш вилоят ва туман ҳокимларининг асосий вазифаси бўлиши кераклиги айтилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Сурхондарё вилоятида олиб борилаётган барча ислоҳотлар инсонларнинг турмуш тарзини янада яхшилаш, ҳаёт фаровонлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Президентимизнинг вилоятларга, жумладан Сурхондарёга ташрифи янги-янги ғоялар, ташаббусларни амалга ошириш, иқтисодий барқарорликни янада оширишда муҳим аҳамият касб этди.

Ориф ШУКУРОВ,
“Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+