Профессионал спортни ривожлантириш-давр талаби

25.05.2022 12:05:16

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида спортни оммалаштириш ва иқтидорли спортчиларни тайёрлаш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Бугун спорт инфратузилмасини ривожлантириш,  спортчиларни тарбиялаш, ёшларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш бунинг учун фидоий, ўз касбининг устаси бўлган мураббийларни тайёрлаш устувор мақсадлардан бири этиб белгиланган.      

Давлатимиз раҳбари томонидан видеоселектор йиғилишида спортни оммалаштириш, спорт таълимини яхшилаш ва иқтидорли спортчиларни тайёрлаш бўйича олдинда турган муҳим вазифалар белгиланди. Умуман, ёшларни оммавий спортга жалб этиш давлатимиз раҳбари қайд этганидек, энг устувор вазифалардан биридир. Бежиз бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилмади. Чунки “Соғлом авлод-соғлом келажак” демакдир. Ёшларни спорт мактабларига қамровини 1,5 бараварга ошириб, 550 минг нафарга етказиш айтиб ўтилди. Бундан ташқари 69 тумандаги спорт мактабларидаги камида 20 та, 47 тасида 15 та, қолган 91 тасида 10 та олимпия спорт турларига тайёрлашни йўлга қўйилиши айтиб ўтилди. Йил якунига қадар 6 миллион нафар ёшларни оммавий спорт билан қамраб олиш сиёсат даражасига кўтарилиши таъкидланди.

Йиғилишда спортчиларни тайёрлаш ва селекция қилиш бўйича жорий қилинадиган янги тизимга доир бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Унга кўра энди ҳар бир маҳаллада иккита мавсумда -апрель-июнь, сентябрь-декабрь ойларида мусобақалар ташкил этилиб, яхши натижа кўрсатган ёшлар спорт бўлими ва ёшлар етакчиси томонидан электрон рўйхатга киритилади ҳамда, ҳудуддаги спорт мактабида малакали мураббийлар билан бепул шуғулланиш имкониятига эга бўлади. Улар жисмоний тайёргарлик даражаси ва разрядига қараб кейинги босқичга ўтказилиши таъкидланди. Спорт мактаблари муайян олимпия спорт турлари бўйича базага айлантирилиши ва Спорт мактаби мураббийларининг иш ҳақи 35 фоизга оширилиши айтиб ўтилди. Мутасаддиларга ушбу тизимни жорий этиб яхши натижалар кўрсатган маҳаллаларни рағбатлантириш бўйича кўрсатмалар берилди. Йил якунигача 508 та маҳаллада кўп функцияли спорт майдончалари қурилиши қайд этилди.

Бугунги кунда Олимпия заҳиралари коллежларига 14 ёшдан катта ўсмирлар қабул қилинмоқда. Оқибатда ёшларни Олимпия ўйинларига тайёрлаш кеч бошланяпти. Шу боис бу борада ривожланган давлатлардаги илғор тажрибалар ўрганилди ва энди у асосида спортчиларни профессионал тайёрлаш тизими ислоҳ қилиниши кўрсатиб ўтилди. Яъни бу соҳадаги коллежлар олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази сифатида ташкил этилиши таъкидланди. Уларда 5- ва 9-синфлар учун Олимпия мактаблари 10- ва 11-синфлар ҳамда 1- ва 2- курслар учун Олимпия ва Паралимпия коллежлари этиб белгиланиши айтилди. Коллеж битирувчилари келгусида Олий спорт маҳорати институтига қабул қилинади. Шу тариқа профессионал спортчилар тайёрлашнинг узлуксиз тизими яратилади. Спорт соҳасидаги илмий салоҳият ҳам талаб даражасида эмаслиги айтилди. Маҳаллий олимлар томонидан бирорта спорт тури бўйича на методика ва на дастур ишлаб чиқилганлиги айтиб ўтилди. Бугунги кунда спортчиларни тайёрлаш 30 йил олдинги дастурлар асосида амалга оширилаётганлиги, спорт диетологияси, фармокологияси, психологияси, спорт муҳандислиги, кардиомашғулотлар бўйича мутахассислар тайёрланмаётганлиги таъкидланди. Шу боис спорт турлари бўйича спортчиларнинг жисмоний ва руҳий тайёрлаш, соғлом овқатлантириш дастурларини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Келгуси ўқув йилидан бошлаб Жисмоний тарбия ва спорт Университетида спорт диетологияси, муҳандислиги ва кардиомашғулотлар ва тиббиёт академиясида спорт медицинаси ва фармокологияси бўйича мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш топшириғи берилди. Танқидий руҳда ўтган мазкур селектор йиғилишида ўзимизда “маҳаллабай” ишлаш тизимини такомиллаштирган ҳолда фаолиятни олиб бориш юклатилди. Бир сўз билан айтганда мазкур йиғилиш том маънода  Ўзбекистон спортини ёшлар орасида мутлақо янги босқичга олиб чиқиш, айниқса, қишлоқ ҳудудларида ёшларни катта спортга кириб келишида жуда катта ташланган қадам бўлганлиги билан катта аҳамиятга эга бўлди.

Сардор Очилов,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят

“Ёшлар қаноти” Кенгаши раиси 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+