Кўхна ва навқирон Самарқанд сизни қутлайди

14.09.2022 16:09:41

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги 22-саммити бизнинг қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандимизда ўтказилаётгани бизда катта хурсандчилик ва мамнуният ҳиссини уйғотди. Албатта, ушбу нуфузли анжуманда 15 дан ортиқ мамлакат раҳбарларининг иштирок этаётгани мазкур саммитнинг аҳамияти нақадар юксак эканлигидан далолат бериб турибди. Шунингдек, Саммитга бу давлатларнинг Бош вазирларининг иштироки, унда 3000 дан зиёд вакилларнинг қатнашиши Самарқанд мезбонлик қилаётган анжуманнинг аҳамияти нақадар юксак эканлигини кўрсатиб турибди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг ер майдони 34,3 миллион квадрат километрни ташкил этиб, Ер юзининг 23 фоизи, Евросиё материгининг 62,7 фоизи, Осиё қитъасининг эса қарийб 79 фоизини ташкил этади. Ундаги аҳоли сони тахминан 3 миллиард 455 миллион кишини ташкил этиб, бу кўрсаткич Ер юзи аҳолисининг 42 фоизини ташкил этаркан. Ушбу рақамларнинг ўзиёқ Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларнинг нуфузи қанчалик юқори эканлигидан далолат беради. Устига устак ШҲТга аъзо давлатларнинг раҳбарлари кейинги уч йилда биринчи марта айнан бизнинг Самарқандимизда тўпланаётганлиги бугун ҳар бир Самарқандлик қалбида ғурур ва ифтихор туйғусини уйғотмасдан қолмайди. ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Самарқанд саммитида Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг қатор нуфузли давлатлар раҳбарлари билан қабул маросими ўтказишни мўлжаллаётганлиги мазкур Саммитдан улкан натижалар кутишимизга асос бўлади.

Самарқанд мазкур Саммитга тайёргарлик ишлари жараёнида қадимий шаҳримизнинг қиёфаси янада ўзгача қиёфа касб этди. Самарқандимизда «Буюк ипак йўли» халқаро туризм маркази очилди. Шу билан бир қаторда халқимизнинг тарихи, маданияти, анъана ва қадриятларини намоён этувчи «Боқий шаҳар» мажмуаси барпо этилди.

Самарқандга, бизнинг қадимий ва навқирон, она шаҳримизга хуш келибсиз, азиз меҳмонлар!!!

Омон Хайитов,

Халқ депутатлари Қушработ туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+