Қайнона адолатли бўлса, оила мустаҳкам бўлади

14.07.2021 19:07:31

Ҳар йили анъанавий тарзда Ўзбекистон “Адолат” СДП Каттақўрғон шаҳар Кенгаши ҳамда шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳамкорликда ўтказиб келинаётган “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг бу йилгиси Каттақўрғон шаҳридаги Халқ жамоалари маданият марказида бўлиб ўтди. 

Тадбирни шаҳар Халқ қабулхонаси мудири Ҳамротош Шодиева очиб берар экан, танловнинг мақсади ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Аждодларимиз меросини ўрганиш ва оммалаштириш, оилавий тарбияда адолат ҳамда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтириш, оила ва никоҳнинг муқаддаслигини ва мустаҳкамлигини таъминлаш, оилада хуқуқий саводхонликни ошириш, ажримларнинг олдини олиш тамойилларини ўзида акс эттирган ушбу танловда маҳаллалар кесимида ўтказилган саралаш босқичи ғолиблари, 5 нафар қайнона иштирок этди.

Таништирув саҳнаси, савол-жавоблар, фильмлар орқали қайнона-келин муносабатларини кўрсатиш, мақоллар ва ривоятлар айтиш каби шартлар бўйича беллашган қайноналарни шаҳар хотин-қизлар кенгаши раиси Ш.Кучкарова, Халқ қабулхонаси мудири Ҳ.Шодиева, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Э.Шукурова ҳамда шаҳар ИИБ ХПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор З.Ахатовалардан иборат ҳакамлар ҳайъати адолатли тарзда баҳолаб бордилар.

Тарбиявий аҳамиятга бой бўлган тадбирга шаҳар маданият бўлими ходимлари томонидан оилавий қадриятлар, қайнона-келин, эр-хотин муносабатлари акс этган саҳна кўринишлари, ижро этилган куй-қўшиқлар танловга янада кўтаринкилик бахш этди.

Танлов якунига кўра шартларни муваффақиятли бажарган, барча мезонлар бўйича намунали тавсифга лойиқ топилган “Ўрикзор” маҳалласидан Адолат Мамедова ғолибликни қўлга киритди. Шунингдек, “Энг зукко қайнона” номинациясига Феруза Мўминова, “Энг шижоатли қайнона” номинациясига Муаттар Тешаева, Феруза Асророва “Энг оқила қайнона” номинациясига ҳамда Амина Саидова “Энг ибратли қайнона” номинациясига муносиб топилдилар.

Барча иштирокчилар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

“Адолатли қайнона” танлови шаҳар босқичи ғолиби вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

 

Ҳилола ЭРГАШЕВА,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+