Қайнона – ҳамжиҳатлик муҳандиси

13.09.2021 16:09:01

 

Нурафшон шаҳридаги 12-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан шаҳар Маҳалла ва  оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Нуронийлар жамоатчилик Кенгаши ҳамда шаҳар Маданият бўлими билан ҳамкорликда “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг вилоят  босқичи бўлиб ўтди.

Унда партиямизга аъзо бўлган фаол, ташаббускор, жамоа ва оилада намуна кўрсатган  юксак эътибор ва обрўга эга бўлган онахонлар,  вилоят маҳалла хайрия жамоат фонди, хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, партия фахрийлари ва фаоллари, депутатлар  ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Мазкур кўрик-танловни ўтказишдан кўзланган мақсад оила ва жамият, оила ва маҳалла муносабатлари билан боғлиқ анъаналар, миллий қадриятларнинг илдизларини аждодларимиз меросини ўрганишда ва оммалаштиришда, оилавий тарбияда адолат ҳамда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтиришда ва унинг оилада уйғунлашувини таъминлашда, оила ва никоҳнинг муқаддаслигини ёш авлод онгига чуқур сингдиришда намуна кўрсатиб келаётган адолатли қайноналарни аниқлаш ва рағбатлантиришдан иборатдир.

Танловда вилоятда жойлашган маҳаллалардан жами 10 нафар иштирокчи қатнашиб, кўрик-танлов шартлари бўйича ўзаро беллашди.

Улар томонидан оилаларни мустаҳкамлаш, эрта никоҳни олдини олиш борасида қилинаётган ишлар таҳлил қилинди.

Иштирокчилар ўз ҳаёт йўллари, келинларга муносабат, рўзғор тутиш сирлари, фарзандлар тарбияси, оилавий муносабатларни йўлга қўйиш, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш ҳақида ўз фикрларини ҳакамлар ҳайъати аъзоларига саҳна кўринишлари орқали намойиш этишди.

Танлов якунида бекободлик Малика Бахромова 1-ўринни эгаллаб, кўрик-танловнинг республика  босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Ҳаёт йўлларини намуна сифатида кўрсата олган нуроний онахонларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик  совғалари топширилди.

 

 Фотима САТТОРОВА,

“Адолат” СДП  Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+