Қайноналикдан фаолликка

27.08.2021 09:08:45

Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ўтказиб келинаётган  “Адолатли қайнона” кўрик-танлови юртдошларимизда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу бежиз эмас. Оилани мустаҳкамлаш, хонадонларда тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини яратувчи оналар хақида қанча гапирсак оз. Қолаверса, ҳаёт тажрибасига эга  бўлган қайноналарни бошқаларга ибрат қилиб кўрсатиш тадбирнинг бош мақсадидир.

Танловнинг Андижон вилоят босқичи ўзига хос байрамга айланди. Иштирокчилар билан бирга  таклиф этилган хотин-қизлар ҳам оила, оналик бахти ва қайноналик хақида сўз юритдилар.  

Танлов Низомидан келиб чиқиб, саҳнадаги чиқишларда иштирокчиларнинг ўз оиласидан ортиб ташаббускорлиги, оила ва жамият муносабатлари билан боғлиқ бой миллий анъаналар, сермазмун миллий қадриятларнинг илдизларини, аждодларимиз меросини ўрганиш ва оммалаштириш, тарбияда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтириш ва унинг оилада уйғунлашувини таъминлаш борасидаги билимлари кўзга ташланди. Уларнинг ёш авлод тарбияси, оилада баркамол авлодни шакллантиришда ибратли ҳаётий тажрибасига эга эканлигини алоҳида эътироф этиш лозим.

Мустақиллигимизнинг 30  йиллиги ва Президентлик сайлови арафасида ташкил этилган тадбирда иштирокчиларнинг сиёсий билимларига алоҳида эътибор қаратилди. Партиямизнинг мақсад ва ғоялари, бўлажак сайлов ва амалдаги қонунчилик борасида берилган саволларга қайноналар тўла жавоб бердилар.

Лобархон Арзиева , танлов иштирокчиси:

- Оиладаги тарбия ва ўзаро муносабатлар фарзандлар тарбиясига катта таъсир кўрсатади. Шу сабаб бу масалага оиламизда ҳам, маҳаллада ҳам эътибор қаратамиз. Айниқса, ёш оналар билан суҳбатларда оилада аёлнинг роли ва фарзанд тарбияси борасидаги масъулиятини тушунтирамиз. Бугун тадбир баҳона тажриба алмашдик, зиммамиздаги масъулиятни янада чуқурроқ тушуниб етдик.

Малохатхон Мусаева, Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

- Партия лойиҳаси доирасида ташкил этилган ушбу кўрик-танлов кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Тадбир хонадонларда ҳуқуқий саводхонликни ошириш, адолат тамойилларига қатъий риоя қилиш орқали оилавий ажримларнинг олдини олиш, оила қонунчилиги ва бу борада белгиланган ҳуқуқий меъёрларни хотин-қизларимизга тушунтиришга хизмат қилмоқда. Иштирокчилар орасида етмиш ёшдан ошган онахонлар ҳам борлиги эътиборли. Бу “Аёллар қаноти” аъзоларининг сафи кенгайиб бораётганини кўрсатади.

Танлов якунида хонободлик Барнохон Ҳурбоева ғолиб деб топилди. Иштирокчилар вилоят партия кенгаши томонидан эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

                                                                                                                                                                                                                                                                    Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон

вилоят кенгаши ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+