Қалбларда шукроналик ҳисси ила яшаш бахти

02.08.2022 14:08:19

Партиянинг Шўрчи туман Кенгаши, туман «Ёш адолатчилар қаноти» Кенгаши ва фаоллари ташаббуси билан тумандаги «Наврўз» маҳалласида «Биз Ўзбекистон келажаги» шиори остида маҳалла ёшлари ҳамда фуқаролари иштирокида кекса авлод вакиллари билан учрашув ўтказилди. Учрашувда партия фаоллари, депутатлар, БПТ аъзолари, партия «Ёш адолатчилар қаноти» Кенгаши фаоллари, маҳалладаги нуроний отахонлар ҳамда маҳалла ёшлари иштирок этишди.

Очиқ мулоқот шаклида ўтган тадбирда маърузачилар бугунги кунда Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти, кейинги йилларда барча соҳаларда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида маълумот берди. Чекка ҳудудлардаги тиббиёт, таълим каби ижтимоий соҳаларга қаратилаётган эътибор, ёш авлоднинг ноёб истеъдодини қўллаб-қувватлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар, камбағалликни қисқартириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида фикр юритди.

Файзулло Ҳамидов, партия Шўрчи туман фаоли, «Адолат» кўкрак нишони соҳиби:

- Мамлакатимизда сўнгги йилларда содир бўлаётган янгиланишлар ҳар биримизнинг ҳаётимизда ўз аксини топмоқда. Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистон тараққиёти билан бевосита боғлиқлигини ҳис этмаётган инсон бўлмаса керак. Барчамиз бирдек орзу қилган бу ислоҳотлар бундан 30 йил илгари қабул қилинган Асосий қонунимизга ўзгартириш ва тузатишлар киритиш заруратини юзага келтирди. Сиёсий бу жараённи қўллаб-қувватлаётган фаол фуқароларимиз ўзларининг таклиф ва тавсияларини очиқ билдирмоқда. Шунга асосан инсон қадрини улуғлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ, таълим сифатини назорат қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлаш каби муҳим масалаларга доир кўплаб таклифлар илгари сурилган. Кейинги йилларда депутатларимиз ташаббуси остида чекка қишлоқларда ички йўлларни таъмирлаш, эҳтиёжманд аҳолига ёрдам берилди. Шунингдек, иккита мактаб капитал таъмирланди. Электр энергияси билан таъминлаш яхшиланиб, ёғоч устунлар янгиланди. Трансформаторлар янгисига алмаштирилиб, бемаврид узилишларга чек қўйилди. Ички йўллар тартибга келтирилди. Қишлоқ одамларининг асрий орзулари рўёбга чиқиб, тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Самимий руҳда ўтган учрашувда кекса авлод вакиллари ҳам, аёллар ва ёшлар ҳам ислоҳотлар чекка қишлоқлардаги ҳар бир хонадонга кириб келганини айтиб, инсон қадрини улуғлашга қаратилаётган эътибордан мамнунлигини, қонун лойиҳаси бевосита халқ таклифлари асосида яратилаётганидан фахр туйғуси жўш ураётганини эътироф этди.

Очиқ мулоқотда нуронийлар Ватанимизга тинчлик, хонадонларга файзу–барака, мамлакатимизда олиб борилаётган улуғвор ишларга бардавомлик, ёшларга бахт-иқбол тилаб, дуога қўл очди.

Мулоқотда сўзга чиққан нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар вакиллари ана шу ҳақда фикр-мулоҳаза юритди. Маҳалла ва хонадонларда, кундалик турмушларида содир бўлаётган ўзгаришларни алоҳида эътироф этиб, тинч, тўкин ҳаётга шукрона айтишди.

Тадбир якунида маҳалладаги фаол ёшлар нуронийлар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Жуманиёз Сафаров,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Шўрчи тумани Кенгаши

«Ёш адолатчилар» қаноти раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+