Қардош халқлар бирдамлиги мустаҳкамланмоқда

06.04.2021 16:04:01

Мамлакатимиз ҳозирги пайтда олиб бораётган ташқи сиёсатда қардош, яъни туркий тилли давлатлар билан ҳар томонлама фойдали алоқаларни янада ривожлантириш муҳим ўрин тутади. Бунга Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасидаги фаолият мисол бўла олади. Маълумки, Ўзбекистон ушбу  тузилмага  2019 йили октябрь ойида Боку шаҳрида  ўтган саммитда  аъзо сифатида кирди. Бу билан  туркий дунёда бирдамлик руҳи ва ишонч муҳитини мустаҳкамлаш сиёсатига садоқат ва ташкилот доирасида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истаги намойиш этилди.

Шундан бери Ўзбекистон ташкилотдаги мавжуд механизмлардан фойдаланган ҳолда анъанавий ўзаро ҳамкорликни янги сифат босқичига кўтариш йўлидан бормоқда. Бу, бутун жаҳонни қамраб олган  пандемия даврида яққол кўзга ташланмоқда. Туркий Кенгаш ушбу офатга қарши биргаликда  давлат раҳбарлари фавқулодда саммитини ўтказган биринчи халқаро тузилма бўлди. 2020 йил апрелда ўтказилган ушбу учрашув  турли тиббиёт соҳасида  ўзаро ёрдам кўрсатиш бўйича туркий тилли давлатлар мувофиқлаштирилган ҳаракатларини бошлашга замин ҳозирлади.

Фақат бугина эмас. Қардошлик ва биродарлик руҳига асосланган  ҳамда иқтисодий манфаатлар устуворлиги негизида шакллантирилган ҳамкорликни тараққий эттиришга қаратилган кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада  халқларимизнинг кўп асрлик дўстлик ришталари қайта тикланмоқда. Яқинда видеоанжуман шаклида ўтган  «Туркистон – туркий оламнинг маънавий пойтахти» мавзуидаги Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг норасмий саммити ҳам шундан далолат. Қозоғистон   Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев раислигида ўтган учрашувда Қозоғистоннинг Тўнғич Президенти, Туркий Кенгашнинг фахрий раиси Нурсултан Назарбаев, қардош давлатларнинг раҳбарлари қаторида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди. Мамлакатимиз Президенти  норасмий саммитида нутқ сўзлаб, бир қанча таклифларни илгари сурди. Кенгашнинг яқин ва ўрта истиқболдаги иқтисодий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш, Инвестиция жамғармаси ва Тараққиёт банкини ташкил этиш, «Табаррук зиёрат» лойиҳасини амалга ошириш, қолаверса, Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис қилиш шулар жумласидан. Тадбирда ташкилот доирасида иқтисодиёт, савдо, транспорт соҳаларидаги кўп қиррали амалий ҳамкорликни ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Норасмий саммит қатнашчилари  халқларимизни бирлаштиришда Туркистон шаҳрининг маънавий аҳамиятини англаган ҳолда Хожа Аҳмад Яссавийнинг ислом қадриятларини тарғиб қилган, туркий мактаб асосини яратган ва бутун туркий олам фалсафаси ривожига беқиёс ҳисса қўшган атоқли ва ​​руҳлантирувчи шахс сифатида қолдирган меросини юксак баҳолаб, уни туркий оламнинг маънавий пойтахти деб эълон қилинди. Келгусида айнан шу мақом туркий оламнинг бошқа таниқли қадимий шаҳарларига навбатма-навбат берилиши мумкинлиги тўғрисида келишиб олинди.   Қозоғистон Республикасининг тўнғич Президенти, Туркий Кенгашнинг фахрий раиси Нурсултан Назарбаевнинг Туркий кенгашнинг номини ўзгартириш тўғрисидаги ташаббуси маъқулланди.   «Туркий оламнинг истиқболлари-2040» ва «Туркий кенгашнинг 2020-2025 стратегияси»нинг дастлабки лойиҳаларини тайёрланганлиги қайд этилди.

Шунингдек, буюк шоир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг туркий халқлар маданиятига қўшган беқиёс ҳиссасини, унинг туркий олам адабиёти, санъати, ижтимоий-иқтисодий, илмий ва маданий ҳаётини ривожлантиришдаги хизматини инобатга олиб, туркий олам бирлигини мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни рағбатлантириш мақсадида ҳамда унинг 580 йиллиги кенг нишонланиши муносабати билан Туркий кенгаш доирасида Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис этишга келишилди.
 Юсуф Боласоғуний, Низомий Ганжавий, Юнус Эмре, Алишер Навоий, Жамбил Жабаев, Алихан Бўкейхан ва Ҳусайн Қарасаевнинг юбилейлари муносабати билан  тадбирлар ўтказишга қарор қилинди.

Қисқаси, норасмий саммитда муҳокама этилган масалалар ва қабул қилинган қарорлар  Туркий кенгаш фаолиятини янада такомиллаштиришга, қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса бўлиб қўшилиши шубҳасиз.

Исроил ЖЎРАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+