Қардош икки миллат дўстлиги абадийдир

03.07.2022 19:07:06

2022 йил 1 июль куни Нукусда бўлиб ўтган воқеалар ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида айрим фитначи кимсалар томонидан уюштирилган ноқонуний намойишлар нафақат Қорақалпоғистонда, балки Ўзбекистонда ҳам тинчликни издан чиқаришга қаратилгани, ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасида азалий дўстликка совуқчилик  туширишга уриниш эканлиги олдиндан аён эди. Буни ижтимоий тармоқларда асоссиз, мантиқсиз, енгил-елпи фейк маълумотлардан кўриб турибмиз.

Узоқ асрлар мобайнида ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ҳақиқий оға-иничилик фазилатларига асосланиб, ўзаро муносабатларини шакллантириб келган. Бу икки қавм маънавий-руҳий яқинлигини белгилайдиган асосий омил ва маданиятлар муштараклиги, уларнинг ўзаро яқинлиги эди. Дарҳақиқат, тиллар яқинлиги диллар яқинлигига олиб келди. Маданиятлар бир-бирини бойитди. Қадимий маданият намуналари, умуммиллий қадриятлар, жондошу-қондош бўлган ҳар икки миллат учун тарихий аҳамиятга эга анъаналар шаклланди. Шу асосда иқтисодий ҳамкорлик, ягона иқтисодий макон, ягона мақсад вужудга келди.  

Кейинги 5-6 йил ичида Қорақалпоғистонда юз берган ижобий ўзгаришлар жуда катта: кўп янги корхоналар, обод шаҳарлар, қишлоқлар, маҳаллалар яратилди, Орол денгизининг қуриб қолган қисми ўзлаштирилмоқда, Янги Мўйноқ яратилди, Нукус шаҳри ободонлаштирилмоқда, қорақалпоқ тили, маданияти, санъати, таълим тизими, фани ривожига катта эътибор қаратилмоқда.

Ҳозирда ҳам елкани-елкага қуйиб, 2022-2026 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш назарда тутилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда Янги Қорақалпоғистонни бунёд этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни халқ билан бамаслаҳат ва биргаликда амалга ошириш муҳимдир.

Хулоса қилар эканмиз, Нукусдаги воқеалар ташқи кучларнинг мафкуравий таъсири эканлиги ҳамда унга қарши  фақат теран ақл, оғир-вазминлик, соф тафаккур ва мустақил таҳлилий фикр юритган ҳолда тинчликни сақлаб қолиш зарур. Тинчлик энг олий неъматдир. Тинчлик ҳукм сурган юртда ривожланиш ва инсон қадри улуғ бўлади. Биз икки қардош миллатмиз, ўзлигимизга ҳеч бир ташқи куч раҳна солишига йўл қуймаслик ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади.

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

Ўзбекистон "Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+