Қарор юртимизда спортни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди

20.05.2021 21:05:37

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорни имзолади. Матонат ва жасорат. Бу икки сўз Паралимпия спорт тури билан шуғулланувчи инсонларнинг олдинга ва фақат олдинга ундовчи хислатларини намоён этади. Сўнгги йилларда юртимиз паралимпиячилари мамлакатимиз довруғини дунёга ёйишда фаол ҳисса қўшиб келмоқдалар. Шундан келиб чиқиб, юртимизда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш, уларни халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишларини таъминлаш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида мазкур қарор қабул қилинди.

Қарорда ҳар битта паралимпия спорт тури бўйича мусобақаларни кўпайтирган ҳолда терма жамоалар шакллантирилади. Бундан кўзланган асосий мақсад имконияти чекланган шахсларни ҳаётга бўлган қизиқишини янада ошириш, терма жамоада янги номларни кашф этишдир.

Қарорда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида спорт билан шуғулланувчиларнинг қамровини янада ошириш, келажакда янги ташкил этилиши режаалаштирилган паралимпия спорт турларини ҳар томонлама ривожлантириш ва оммавийлаштириш, паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларининг меҳнатга ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш тизимини кучайтиришга қаратилган паралимпия ҳаракатини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди.

Айтиш жоизки, дунёнинг 167 та давлати Халқаро Паралимпия қўмитасига аъзо ҳисобланади. Ана шу давлатларнинг 162 тасида Паралимпия тизимлари қўмита, 5 тасида эса Ассоциация мақомида фаолият юритади. Эндиликда Ўзбекистонда ҳам миллий Паралимпия Ассоциацияси негизида Ўзбекистон Миллий Паралимпияси қўмитаси ташкил этилади. Айни кунгача Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси томонидан 8 та спорт тури ривожланган эди. Эндиликда 22 та спорт турини ривожлантириш имконияти яратилади. Паралимпия қўмитасининг ҳудудларда бўлимлари ташкил этилиши ва бунинг асосида спорт клублари ташкил этилиши уларнинг моддий техник базасини ривожлантириб берилиши, қолаверса, уларга етук мутахассислар билан таъминлаб берилиши ҳудудларда махсус мактаб интернатларда шуғулланаётган имконияти чекланган ёшларимиз ичидан спортга лаёқатли ёшларни танлаб олиш, саралаш селекция ишлари йўлга қўйилиб, миллий терма жамоанинг географияси кенгаяди.

Қарор бўйича Паралимпия қўмитаси ҳузурида алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлган Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти ҳам ташкил этилиши белгиланган. Мазкур институт спортчиларимизнинг спортдаги фаолиятини тугатгандан сўнг ўз соҳаси бўйича тренер вазифасида фаолият юритиши, услубчи-йўриқчи бўлиб ишлаши мумкин.

Паралимпия спорт турларида машғулот ўтайдиган мураббийлар меҳнати алоҳида эътиборга лойиқ. Улар фақат мураббий эмас, самимий дўст бўлиши, шогирдини ҳар қандай вазиятда руҳлантира олиши керак. Қарорда мураббийларнинг айни шундай фидоийликлари ҳам ҳисобга олиниб, давлат спорт муассасаларида параспорт бўйича тренерларнинг лавозим маоши 1,5 бараварга оширилиши ҳам кўзда тутилган.

Дунёга келган ҳар бир инсон ўз иқтидорини рўёбга чиқаришга ҳақли. Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори мазмун-моҳиятида ана шундай ғоя мужассам. Боиси, ушбу ҳужжат жисмидаги кемтикни шиддати ва жасорати билан тўлдириб, қизиқишларини профессионалликка айлантириб, юртимиз байроғини баланд кўтараётган спортчиларимизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди.

Бекзод ЧОРИЕВ,

Ёшлар Парламенти аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+