Қарс икки қўлдан чиқди – халқ энди рози!

30.10.2019 12:10:17

Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро шаҳар Кенгаши ходими ва депутатларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари шаҳардаги “Фурқат” МФЙда бўлиб, муаммоларни ўрганишди. Шу аснода “Низомий” кўчасида истиқомат қилувчи фуқаролар Марина Белоозерова ва Санобар Файзуллаевалар уйи яқинидаги сув қувурларининг носоз ҳолга келиб қолганлиги, бу эса уларнинг яшаш шароитида бир қатор муаммоларни келтириб чиқараётганлигинининг гувоҳи бўлишган эди. Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Ориф Эгамов эса муаммо юзасидан жорий йилнинг 3 октябрь санасида вилоят “Сувоқава” ДУК шаҳар филиали мутасаддиларига депутатлик сўровини киритди. Сўровга йўлланган жавоб эса ўз тасдиғини топмади ва бу тўғрида партия сайти ҳамда бошқа бир қатор оммавий ахборот воситаларида “Депутат сўровига мутасаддиларнинг ёлғони” номи остида материал эълон қилинган эди. Албатта, ушбу ҳолат юзасидан ташкилот раҳбарлари ўз вазифаларига эътибор билан ёндашган кўринади, муаммони жойига бориб қайта ўрганишди, ачинарли ҳолатнинг гувоҳи бўлишди.

  • -Аҳоли манфаатлари йўлида хизмат қилиш ҳар биримизнинг олдимиздаги вазифадир. Биз шунчаки раҳбар бўлиб курсида ўтириш эмас, балки халқ номидан мутасаддиларга уларнинг муаммоларини етказувчи вакил сифатида фаолият олиб боришимиз даркор. Бугунги фуқаро раҳбар эканимизни тан олдими, бу ишончни оқлаш масъулиятимизни ошириши лозим. Улар билан ёнма-ён яшашимизда туртки бериши керак, - дейди “Фурқат” МФЙ раиси Зуҳро Каримова, - Сув қувури муаммоси йиллар давомида бизни қийнаб келаётган эди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро шаҳар Кенгаши ҳамда депутати Ориф Эгамов ушбу ҳолат юзасидан мутасаддиларга депутатлик сўрови билан мурожаат қилгач, муаммо ечимини топди. Халқ эса миннатдор, - дея алоҳида таъкидлади.

Ва ниҳоят, қарс икки қўлдан чиқди - вилоят  “Сувоқава” ДУК шаҳар филиали мутасаддилари ҳамда партия шаҳар Кенгаши, депутатлари муаммоли вазият билан қайта танишгач, уни бартараф этишди. “Низомий” кўчасида истиқомат қилувчи Марина Белоозерова ва Санобар Файзуллаевалар уйи яқинидаги сув қувури тозаланиб, фуқаро мурожаати ижобий жиҳатдан ҳал этилди.

Бугун ҳар бир муаммога жиддий ёндашиб, халқ учун шароит яратиб бериш мутасадди ташкилот раҳбарларининг олдидаги вазифа экан, буни вақтида бажариш эса унинг масъулиятидир. Зеро, мурожаатга кўз қири билан қараб, унга қўл силтаб эмас, балки астойдил ёндашилса, минглаб муаммолардан бири ҳал этилишига эришамиз.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+