Қиймати 28 миллион сўмлик маиший техника воситалари хайрия қилинди

23.10.2020 19:10:38

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан Сардоба талофатидан жабр кўрган аҳолига моддий кўмак беришга қаратилган “Сардоба сари саҳоват карвони” номли  лойиҳа ташкил қилинган эди. Шу вақтгача мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлаган саховатли инсонлар сабаб маълум миқдордаги пул маблағлари йиғилди. Ушбу лойиҳа доирасидаги тадбирлардан навбатдагиси ҳам “Саховат беназир қадрият” мавзусини ўзида ифодалади. Партия томонидан Сирдарё вилоятидаги “Болалар шаҳарчаси”да истиқомат қилиб бугунги кунда мустақил ҳаётга қадам ташлаган ёшлардан 10 нафарига тўққиз турдаги, қиймати йигирма саккиз миллион сўмлик маиший техника воситалари тантанали равишда топширилди.  

   Ховос туманидаги Болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган тадбирда партиянинг Сиёсий ва ҳудудий Кенгаш аъзолари, депутатлар иштирок этишди.

    Маълумот ўрнида айтиш жоизки яқиндагина бу ёшларга XOVOS CITYдаги кўп қаватли уйларда жойлашган хонадонларнинг калити Сирдарё вилояти ҳокими томонидан тантанали равишда топширилган эди.  Буларнинг  орасида 18 ёшли Зуҳра Хўжақулова ҳам бор. У 2018-2019 йилларда спортнинг армрестлинг тури бўйича жаҳон чемпиони бўлган. Унга ҳам янги қурилган кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан бири насиб қилган. Партиянинг Сиёсий Кенгаши аъзоларининг ташрифи эса Зуҳранинг қувончига қувонч қўшди.

 

– “Болалар шаҳарчаси”да яшаган вақтларимиз тенгдошларим билан ўз уйимиз, шахсий хонадонимиз бўлишини орзу қилардик. Яқинда шу орзуларимиз амалга ошди. Президентимиз томонидан икки хонали уй берилди. Бугун эса Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан хонадонимиз учун зарур бўлган маиший техника воситалари тақдим этилди. Тўғриси, бундан жуда ҳурсанд бўлдим. Чунки энди уйимизда барча техника воситалари бор ва биз рўзғорда улардан бемалол фойдалана оламиз - дея миннатдорчилигини изҳор қилди Зуҳра Хўжақулова биз билан суҳбатда.

   Зуҳра каби келажак мақсадлари томон дадил одимлаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ташкил қилинган мазкур лойиҳа натижасида кўнгли ярим, меҳру-кўмакка  муҳтожларга яна бир бора саҳоват кўрсатилди. Зеро саховат бор жойда адолат бўлади, адолатли инсонлар эса албатта саховат кўрсата олади.

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+