Янгиликлар 484
«Қишнинг ғамини-ёзда егин»
Кейинги йилларда электр қуввати соҳасида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Паст кучланишли тармоқларни модернизация қилиш, кабель тармоқларини янгилаш бўйича ишлар шулар жумласидандир. Таъкидлаш жоиздир, афсуски ҳали модернизация қилинмаган ҳудудларимиз ҳам бор. Айнан шундай муаммолар юзага келса, аҳоли бизга ҳамда юқори ташкилотларга кўплаб мурожаатлар қилишади. Албатта, аҳолининг эҳтиёжини қондириш ва уларни рози қилиш бугунги кунда мамлакатимизнинг энг муҳим устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда табиий газ ва электр қувватига бўлган талаб кундан-кунга ошиб бормоқда. Соҳа бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам айнан шу эҳтиёжни қондиришга қаратилган чоралар ҳисобланади. Шунга қарамасдан, энергетика тизимида мавжуд имкониятлардан фойдаланиш уни ўз вақтида ташкил этиш ҳам аҳолига барқарор электр қувватини етказиб беришда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, бунда тизимни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ҳар қандай муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Бу йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлай оладими?
Шу ва шунга ўхшаш саволларга, 10 июнь куни Давлатимиз раҳбари томонидан қувват ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда энергетика соҳаси объектлари куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишини ташкил этилди. Кейинги пайтларда табиий газ ва электр қуввати мавзуси аҳолимизнинг доимий эътиборидаги мавзуга айланиб қолмоқда. Аслида ҳам шундайми? Сув, уй қурилиш, маҳалла ва бошқа тизимларида ҳам етарлича муаммолар мавжуддир. Лекин шунга қарамай, табиий газ ва электр қуввати бўйича ижтимоий тармоқларда танқидий фикрларни тез-тез кузатяпмиз.
Танқид ҳар доим керак. Аммо у асосли ва этика меъёрларини бузмаган ҳолда бўлса мақсадга мувофиқ бўлади, лекин энг оғриқли нуқталаримиздан бири бу ўзимиз ушбу ресурсларни исроф қилаётганимиздир.Бугун ҳали ҳам айрим аҳоли хонадонлари, айниқса, кўча устидаги кичик савдо шохобчаларида аҳвол деярли ўзгармади. Туни билан ёқиб қўйилган чироқни дўкон эгалари «реклама учун керак» деб айтса, хонадонлар ва кўпқаватли биноларнинг зина йўлакларида тонггача бесамар ишлаб турадиган чироқларни ширкат вакиллари ва хонадон соҳиблари «хавфсизлик учун керак, пулини олдиндан тўлаб қўйганимиздан кейин ишлатамизда» дея изоҳлашади. Ваҳоланки, буларнинг барчаси исрофгарчиликдан бошқа нарса эмас аслида шундай ҳолатларда ёруғлик ва ҳаракатни илғовчи сенсорли ёритгичлардан фойдаланилса ҳам бўлади.
Бизнинг фаолиятимиз давомида раҳбарлар қабулига, депутатларимизга ва «Адолат қабулхонаси» га ҳам айнан шундай масалалар юзасидан кўплаб мурожаатлар келади, ушбу мурожаатлар юзасидан эса керакли ташкилотларга жорий йил умумий ҳисобда 43 та депутатлик сўровлари чиқарилган шундан 38 нафари ижобий ҳал этилган. Бу натижалар олдинги кўрсатгичларга нисбатан шу соҳага эътибор кучайганидан далолатдир. Ўтган йили электр ва газни тежаш бўйича туманбай дастурлар қабул қилинган эди. Хонадонлар ва ижтимоий объектларда ўрнатилган биргина қуёш коллекторлари ҳисобига 20 миллион киловатт электр тежалмоқда эди. Эндиликда саноат корхоналари ҳам «яшил қувват» манбаларини жорий қилмоқда. Лекин видеоселекторда айрим ҳудудлар сусткашликка йўл қўяётгани учун электрни иқтисод қилиш режаси тўлиқ бажарилмаётгани кўрсатиб ўтилди.
- Тежаш – йўқотишларни камайтириш, тежамкор технологияларни жорий қилиш ҳисобига бўлиши шарт, — деди давлатимиз раҳбари йиғилиш давомида.
Шундан сўнг куз-қиш мавсумида аҳолини иссиқлик ва ичимлик суви билан кафолатли таъминлаш учун қозонхона ва иссиқлик тармоқларини яхшилаш, сув тармоқлари ва насосларни таъмирлаш вазифалари белгилаб олинди.Аслида электр таъминоти ҳамда иситиш тизимида узилишларнинг бўлмаслиги куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишда, шунингдек, аҳоли ўртасида турли қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланиш оқибатида юз бериши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Бу йил ҳам қиш олдимизга нималарни тайёрлаб қўйганини билмаймиз, аммо «Қишнинг ғамини-ёзда егин» деган нақлга амал қилган ҳолда ташкиллаштирилган видеоселектор нафақат шу мавсум балки узоқни кўзлаган ҳолда ташкиллаштирилди ва вазифалар белгиланиб олинди.
Ҳиммат Оқбўтаев
«Адолат» СДП
Самарқанд вилоят Кенгаши раиси.
Фикрингизни қолдиринг