Қиз бола тарбияси-миллатнинг эртаси

22.04.2022 09:04:32

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қумқўрғон туман «Аёллар қаноти» Кенгаши ташаббуси билан тумандаги 24-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўқувчи қизлар иштирокида «Яхши одоб қиз боланинг кўрки» мавзусида тадбир ташкил этилди. Тадбирда партия туман «Аёллар қаноти» Кенгаши фаоллари, туман хотин-қизлар қўмитаси ходимлари, мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича мутахассис ходимлари ва юқори синф ўқувчи қизлари иштирок этишди

Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ёшларга оид давлат сиёсати ва унинг ижросини таъминлаш, шунингдек, қизларни билим олишга бўлган қизиқишларини ошириш, узлуксиз таълимнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ва касб-ҳунарга йўналтириш бугуннинг мавзусига айланганлиги хусусида гапириб ўтишди. Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини, ёшларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини ёшлар, айниқса қизлар ўртасида кенг тарғиб этиш бош мақсад қилинганлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, тадбирда сўзга чиққанлар ёш қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, онги ва қалбида мустақиллик ғояларига содиқлик, миллий ўзликни англаш, Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик, фидоийлик ҳиссини қарор топтириш ва ривожлантириш, турли мафкуравий таҳдидлардан асраш муҳимлиги хусусида гапиришди.

Ҳосият Сафарова 24-сонли умумтаълим мактаби хотин-қизлар қўмитаси раиси, партия туман «Аёллар қаноти» Кенгаши фаоли:

- Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар қандай жамият ва давлатнинг қай даражада халқпарвар ҳамда адолатли экани унинг хотин-қизларга бўлган муносабати ва ғамхўрлиги билан белгиланади. Шу маънода, сўнгги пайтларда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жорий йил март ойининг бошида ушбу соҳада иккита тарихий фармон қабул қилингани ҳам шундан далолат беради. Шарқона тарбияда қиз боланинг покизалиги, хушмуомалалиги, кийинишда тўла либосланиши, уй ишларида моҳир чевар ва пазандалиги, оилавий алоқаларда ҳалимлик, отаси, ака-укаларига беғараз саранжом-саришталик хизматини адо этиши, уларнинг сўз ва шаънини ҳар қадамда ҳис этиши, онасининг ёнида меҳрибон ёрдамчи сифатида уй юмушларини тоқат билан эгаллаши асосий мезонлар саналади. Шу хусусда бугунги тадбирда ёшларни оилавий ҳаётга ҳар томонлама тайёрлаш, қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, эрта никоҳ ва унинг салбий оқибатларини олдини олиш, оила муқаддаслиги ғояларини янада ривожлантириш, бу борада қиз боланинг ўрни ва масъулиятини таҳлилий маълумотлар ва амалий мисоллар асосида тушунтиришга бағишланган маърузалар қилинди. Шунингдек, тадбир доирасида қизлар билан олиб борилаётган ишларда натижадорликка эришиш, уларни иқтидорли, фаол қизлар билан доимий ҳамкорликда ишлашини таъминлаш кўзда тутилган

Тадбир сўнггида иштирокчи қизлар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан тегишлича жавоблар олишди.

Мавлуда Худойбердиева,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қумқўрғон тумани «Аёллар қаноти» Кенгаши фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+