Қизларимизни ҳаётга тайёрлашни унутмадикми?

07.04.2021 16:04:08

Ёшлар тарбияси ҳамма даврлар, ҳар қандай жамият учун ҳам энг устувор вазифалардан бири бўлиб келган. Айниқса, бугунги глобаллашув даврида ўзига хос ва мос миллий, диний қадриятларга асосланган халқимизнинг тарбия борасидаги азалий анъаналари “оммавий маданият”, менталитетимизга ёт ғоя ва қарашлар таъсирида асл моҳиятини йўқотиб бораётгани барчамизни ташвишга солади. Ушбу жараёнга, яъни тарбия масаласига ўз вақтида жиддий эътибор қаратмасак, эртага кеч бўлиши, тузатиб бўлмас даражадаги оқибатларга олиб келиши мумкин. Зеро, тарбия борасида таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир” деган сўзларини асло унутмаслигимиз лозим.

Ёшларимизни она ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида, юксак маънавиятли ва салоҳиятли қилиб тарбиялаш ҳар биримизнинг ишимиз. Айниқса, интернет тармоқларида тарқатилаётган диний ақидапарастлик, терроризм ғояларини ёйиш, “оммавий маданият” кўринишларини ёшлар онгига сингдириш, уларнинг турмуш тарзига айлантиришга бўлаётган уринишларга, ёшларимизнинг ана шу иллатлар таъсирига тушиб қолмасликлари, юқоридаги каби алдовларга кўр-кўрона эргашмасликлари учун энг аввало, уларнинг билим ва тафаккурини бойитиш, интернет маълумотларидан ўринли ва оқилона фойдалана билиш кўникмасини шакллантиришимиз зарур. Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ёш қизларнинг ўзларига бўлган ишончи уларнинг ривожланиши ва бахтли ҳаёти учун муҳимдир.
Бу борада ижобий натижага эришиш учун нафақат, педагоглар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ёшлар билан ишловчи ташкилотлар, балки кенг жамоатчилик ҳамкорликда иш олиб бориши, хусусан, тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтириш лозим. Айниқса, маҳаллаларда, ҳар бир оилада ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ота-онанинг фарзанд тарбиясига, фарзандларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга бўлган эътибори ва масъулиятини ошириш лозим. Энг муҳими, фарзандларимизни соғлом, комил инсон қилиб тарбия қилайликки, улар ўз ота-боболарига, тарихимизга, Ватанимизга, она тилимизга, миллий қадриятларимизга, муқаддас динимиз анъаналарига содиқ бўлсин.

Биз Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари ёшлар, хусусан, қизларимизни ҳаётга тайёрлаш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш учун хотин-қизлар ва давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда кенг кўламли тушунтириш тарғибот ишларини олиб бораяпмиз. Ҳозиргача 50 дан ортиқ маҳаллаларда ҳамда вилоятимиздаги олий ва умумтаълим мактабларида турли мавзуларда давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этаяпмиз. Мақсадимиз ёшларимизни турли ёт ғоялардан асрашдир.

Гулшан КАРИМОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+