Қобиқдан қачон чиқамиз?

09.05.2021 11:05:36

Яшаётган дунёмизда одамларнинг ёшига қараб фикр шаклланади. Масалан,  ҳозирги 60-70 ёшдагилар жамоа учун ишлаш руҳида тарбия топган,  “Ҳамма бир киши учун,  бир киши ҳамма учун” деган ғояни байроқ қилган социалистик тузум мактаби,  техникуми,  олийгоҳига кириб,  сабоқ олган. 30-40  ёшдан кичиклар эса мустақиллик ғоялари,  давлатимизнинг истиқлолини мактабдан бошлаб китобларда ўқишди. Энди 20-25 ёшлиларга келсак,  улар хусусий мулк тушунчаси ҳақида маълумотларга эртароқ эга бўлишди.

Исботи,  туманимизда ҳам ёшгина бўлиб,  ўзи ер,  кредит,  ишлаб чиқариш,  маҳсулот чиқариш,  хусусий мулкни ривожлантириш ҳақида ўйлай бошлашаяпти. Катта бизнес,  улкан режалар,  фабрика,  завод,  саноат ҳақида ҳам гапириб юришибди. Чет элдаги катта компанияларнинг келиб чиқиш тарихи,  кўзга кўринган миллиардерлар,  долларларини қаерга қўйишни билмаётган бой кишилар ҳаёти,  уларнинг уйлари,  виллалари,  яхши шароитлари,  дачалари,  туристик соҳанинг бепоён имкониятлари,  ишлаб чиқариш,  жаҳон бозори ҳақида маълумотларни интернет тугмаларини бир босиб,  ўқиб чиқишлари мумкин замондалар. Бизнинг ёшлар ҳам бугун анойи эмас. Уларда ҳам дунё ҳақида маълумот кўп ва ҳар куни интернетнинг чексиз имкониятларини билишади, сезишади. Аввалги  дунёдан узилган мамлакат анча  орқада қолди.

Хўш, уларга биз хусусий бизнес имкониятларини тушунтира олаяпмизми?  Чет элдаги кучли сармоядорлардай бўлишни ўргатаяпмизми?  Туризм салоҳиятини-чи?  Инвестиция нима эканини-чи? Улар ўз қобиғидан чиқишлари учун нима қилаяпмиз? Ўз тадбиркорларимиз билан уларнинг суҳбатларини уюштираяпмизми, тадбиркорнинг ҳужжатлари, банк, кредит, солиқ, статистика, бошқа давлат органлари ҳақида-чи? Қандай қилиб тадбиркор бўлиш, унинг давлат бюджетига қўшажак ҳиссаси, одамларни ишли қилиш имкониятлари, оилавий тадбиркорлик, хусусий бизнес имкониятлари ҳақида тушунча бердикми?

Атрофимиздаги олам бозор қонунлари асосида шаклланади, ҳар бир ушлаган буюмимиз, қараган нарсамиз, бинолар, машиналар, техника, технологиялар, кийимлар, дастгоҳлар, ерлар, жиҳозларнинг ўз нархи, шу дунёдаги бажарадиган иши бор.

Эшитишимча, Хитой бизнесменлари бошқа давлатлар бозорларига нималар кераклигини ҳисоблаб, неча миллион дона кераклигини чамалаб, ишлаб чиқариб, етказиб беришни ўйларкан. Шунинг учун бозоримизга ҳам у етиб келаяпти, пештахталаримиздан жой олган.

IT технологиялари ишлаб чиқариш бўйича аҳволимиз қандай? Улар бизга қанча телефон, қанча компьютер, ноутбук, эҳтиёт қисмлар, аксессуарлар етказиб беришди. Биз фақат сотиб олишни, уларга пул йиғиб, пул бериб сотиб олсак, хурсанд бўлаяпмиз.

Азизлар фарзандларимиз-келажагимизга бозор иқтисодини ўргатишимиз керак.

Пайариқда ҳам 250 минг нафардан кўп одам яшаяпти. Уларнинг ҳар бирига бир кунда қанча нарса керак, истеъмол, маиший, ва бошқа жиҳозлар. Бозоримизга қаердан қанақа маҳсулотлар келаяпти? Ишлаб чиқаришда нималарга эришдик? Қайси маҳаллада, қайси қишлоқда ким нима иш бошлади?

“Бир товуққа ҳам дон, ҳам сув керак”  деган мақолнинг қирралари, талқинлари, татбиқ  этиш мумкин соҳалари кўп. Қўпол қилиб айтсак, 250 минг аҳоли бўлсак, бу одамларга биттадан туфли, ёзги оёқ кийим, биттадан кўйлак,  костюм-шим,  жемфер,  сумка,  ручка,  ва бошқалар керак бўлса,  “минг”  сўзидан каттароқ ўлчов бирликлари керак бўлади. Биттадан телефон керак бўлса,  ишлатаётган телефонларимиз бузилиб қолса-чи?  Яна янгисини оламизми? 

Хуллас,  бозор даврида яшаяпмиз.  Атрофимиздаги ҳар бир нарса шу давр қонунларига бўйсунади.  Буни болалар билиши керак.  Улар иқтисодий билим ва қоидаларни билиши керак. Уларга ҳуқуқий, табиий, маънавий, миллий билимларни ёшликдан мукаммал ўргатиш  ҳам керак. Шунда улар ҳозиргидан анча кучли бўлишади. Улар ўз йўлини топиб кетса,  бизга ҳам аввалгидан анчагина осон бўлади.

Биз-чи, ҳали даштларимизда катта  боғзорлар барпо қилиб, ёшларга узумчилик, унинг истиқболи, майизни, узумни қайта ишлаш, узум касалликлари ва унинг олдини олиш, чет эллардаги узумчилик центнерлари, кесиш, дорилаш, узум навлари, фойдалари, узумчилик саноати  ҳақида билимлар бўйича семинарлар ҳам ташкил қила олмадик...

 

Азамат ТАВБОЕВ,

Халқ депутатлари Пайариқ туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+