Қўллаб-қувватловчи имзо – номзодга овоз бериш дегани эмас

23.08.2021 11:08:53

Маълумки, жорий йилда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён - Президент сайлови бўлиб ўтади. Мазкур сайловдаги муҳим жараёнлардан бири сайлов кампанияси даврида - сиёсий партиянинг ўз номзоди рўйхатга олиниши учун сайловчилар имзосини тўплаш ҳамда уларнинг ҳаққонийлигини текшириш ҳисобланади.

Белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкалари сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингандан кейин Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади.

Сайловчиларнинг имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек, тарғибот- ташвиқотни амалга ошириш ва имзо тўплаш қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда амалга оширилади.

Имзо тўплаётган шахс томонидан сайловчиларни мажбурлаш ва ўзига оғдириб олишнинг ҳар қандай шакли қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

Сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватлаш бу сайловчининг ихтиёрий хоҳиши. Сайловчи сиёсий партиянинг дастури ва амалий фаолияти билан таниш бўлса ҳамда мазкур сиёсий партиянинг сайловлар жараёнида иштирок этишини қўллаб-қувватласа, улар тўплаган имзо варағига ўз имзосини қўяди. Лекин бу сайловчи айнан шу сиёсий партиянинг номзодини қўллаб-қувватлаб овоз беради, дегани эмас.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, “Адолат” социал-демократик партиясининг барча ҳудудий ташкилотлари қатори Жиззах вилояти Кенгаши ҳам имзо тўплаш жараёнида фаоллик кўрсатиб, ҳудудлар кесимида имзо йиғиш ишларини амалга оширмоқда. Партиянинг Жиззах вилояти, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан бу борадаги ишлар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.

Жумладан, Жиззах давлат педагогика институти қошидаги Сайилжой академик лицейида ташкил этилган мазкур тадбир ҳам айнан шу мақсадда ташкил этилди. Тадбирда партиянинг Жиззах вилоят Кенгаши раиси Ориф Шукуров томонидан фуқароларга сиёсий жараёнларда партия томонидан амалга оширилаётган ишлар, бу жараённинг мазмун-моҳияти, сайловда фаол иштирок этиш ҳамда номзодни қўллаб-қувватлашга доир имзо варақасини тўлдириш талаблари ва мақсади тўғрисида атрофлича маълумотлар бериб ўтилди.   

Ориф Шукуров, “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши раиси:

– Ушбу жарённи белгиланган вақтда, бехато тарзда ўтказиш нафақат вилоят, шаҳар ёки туман партия ташкилоти вакиллари, балки ҳар бир бошланғич партия ташкилоти раислари ва аъзоларининг ҳам олдида турган муҳим ва масъулиятли вазифалардан бири ҳисобланади. Шуни тўлиқ англаган ҳолда бугунги кунда бошланғич партия ташкилотлари кесимида етарлича имзоларни тўплашга ҳаракат қилинмоқда. Ҳали имзо тўплаш жараёнлари давом этмоқда.

Тадбирдан сўнг, имзо тўплаш жараёнлари маҳаллаларда хонадонларга кирилган ҳолда давом эттирилди. Маҳалла аҳлига ҳам янги қабул қилинган сайлов кодекси, имзо варақаларини тўлдириш тартиблари ва партия томонидан олиб борилаётган ишлар ҳусусида батафсил тушунчанчалар берилди. Имзо йиғиш жараёнида фаол, ташаббускор партия аъзолари кучига таянилмоқда. 

Жойлардаги бошланғич партия ташкилотлари раислари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партиянинг “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти” фаол   аъзоларининг ёрдами билан бу жараён қамрови кун сайин ортиб бормоқда. Партиямизнинг ҳар бир аъзоси сайловчи сифатида ўз имзоларини қўйишмоқда ва бу орқали Президентликка кўрсатилган номзодни
қўллаб-қувватлашда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишмоқда.

Жамила Атабаева, партия фаоли:

– Юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро ушбу жараёнга бефарқ эмаслигини имзо тўплаш жараёнидаги фаоллиги орқали ҳам кузатишимиз мумкин. Шахсан ўзим ҳам Ўзбекистон “Адолат” СДПни қўллаб – қувватлаб имзо қўйдим.

Таъкидлаш лозимки, ўз тақдирини юрт тақдири билан дахлдор деб ҳис қилган ҳар бир фуқаро ушбу сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиши, давлат бошқарувида муносиб номзодни сайлашда ўз ҳиссасини қўшиши  муҳим аҳамиятга эгадир. Ўйлаймизки, ўз юрти ва унда юз бераётган ижтимоий-сиёсий воқеаларга бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро сайловларда масъулият билан иштирок этади.

Ўктам ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

мутахассиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+