“Қон топшир – ҳаёт инъом эт”

01.12.2023 17:12:50

Республикамиз бўйича 1-декабрь куни “Донор бўлинг ва ҳаётни сақлаб қолинг ”шиори остида беғараз донорлик акцияси бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Сирдарё вилояти қон қуйиш станциясида хам ўтказилди. Сирдарё вилоят қон қуйиш станциясида бўлиб ўтган хайрия тадбирида “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари И. Қудратов, Н. Джонибекова, Ёшлар қаноти, Аёллар қаноти, вилоят ва туман шаҳар Кенгаши депутатлари М. Махмудов, Э. Абдурахмонов, Гулистон шахар Кенгаши раиси Ш. Умурзоқова, Сирдарё туман Кенгаши раиси С. Элмуродов, кўнгилли фуқаролар, Ширин шаҳар 49479 ҳарбий қисм хизматчилари фаол иштирок этишди.

Донорлик акциясида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳудудларга тақдим этилган “ISUZU HC40» русумли автотранспорт воситалари негизида тайёрланган ушбу кўчма донорлик мажмуаси билан танишилди.


Мазкур автобуслар махсус каравот, музлаткич, гемоконтейнер, ҳавони тозалашга мўлжалланган, бактерияга қарши лампалар, кондиционер ҳамда ёриткичлар билан жиҳозланган. Унда бир вақтнинг ўзида 3 нафар донордан қон олиш мумкин. Мобил донорлик комплекслари юртимизда сайёр донорликни ривожлантириш, ҳудудларда сифатли қон компонентларини йиғиш ишларини самарали ташкил этишга хизмат қилмоқда.


- Донор ўз қони билан инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин, чунки турли ноёб жарроҳлик амалиётларининг муваффақиятли кечишида, онкологик ва гематологик касалликларни даволашда, баъзан туғуруқ жараёнларида, бахтсиз ҳодисаларда қон ва унинг компонентларининг аҳамияти катта. Донорлик юрак ва қон томирлари саломатлигини мустаҳкамлайди. Йилига камида бир марта қон топшириш юрак хуружи хавфини 88% га камайтиради. Гап шундаки, агар қон жуда қуюқ бўлса, қон томирларининг тиқилиб қолиш эҳтимоли ортади. Бу юқори гемоглобин ва ортиқча темир моддаси туфайли содир бўлади. Биз қон топширганимизда суюқлик қисмини — плазмани ҳам, ҳужайраларни ҳам йўқотамиз. Aммо плазма қизил қон ҳужайраларига қараганда тезроқ янгиланади, шунинг учун қон суюқлашади ва юрак хуружи камроқ бўлади.
Тиббиёт нуқтаи назаридан қон беришнинг организмга фойдали жиҳатлари, қон топшириш, қон айланиши яхшиланиши тиббиёт ходимлари томонидан исботланган.
Хайрия акцияда 18 ёшдан - 60 ёшгача соғлом фуқаролар қатнашишди. “Ҳозирги кунда донорлар сони камайиб бораётгани сабабли “Бор меҳримиз сенга, болажон!" каби хайрия қон қуйиш акциялари ташкил қилинмоқда. Кунига тезкор жарроҳлик операциялари, туғуруқ, автоҳалокат ва ҳар хил фавқулодда вазиятлар бўлади. Шунда бизга қон керак бўлади. Захирадаги қон миқдори бўлмаса, биз беморга қон етказиб бера олмаймиз. Донорларнинг сони кўпайиб захирамиз ошиши керак”, — дейди Сирдарё вилоят қон қуйиш маркази лаборатория мудири - Г. Абдужабарова .

“Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+