Қонун тарғиботига оид тадбир ташкил этилди

04.02.2021 12:02:16

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Сергели тиббиёт коллежида “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиб, бу бўйича таклиф ва қўллаб-қувватлашларини олиш мақсадида  тадбир ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши аъзолари, фаоллар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Тадбир давомида  мазкур қонун юзасидан партия вакиллари, депутатлар, ёшлар парламенти аъзолари, олимлар томонидан бир қатор таклифлар билдирилди. Депутатлар берилган ушбу таклифларни қонунни янада такомиллаштириш мақсадида қуйи палата муҳокамасига олиб киришларини билдириб ўтдилар.

Тадбирда таъкидландики, аҳамиятли жиҳати қонун ижодкорлиги амалиётида илк маротаба қонун лойиҳаси киритилгандан сўнг унинг инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази хулосаси олинганидир. Ушбу хулосада қонуннинг инсон ҳуқуқларига, хусусан, шахснинг сайлов ҳуқуқини амалга ошириши билан боғлиқ бўлган халқаро ҳужжатлар  ва стандартларга мувофиқлиги қайд этилди.

   Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига, “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги Конституциявий Қонуннинг 3-моддасига, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 6 та моддасига, Сайлов кодексининг 29 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилиши белгиланганлиги маълум қилинди.

Шунингдек, қуйи палатадаги сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталар томонидан билдирилган таклифлар асосида сиёсий партияларнинг сайлов учун ажратилган маблағлар юзасидан Ҳисоб палатасига ҳисобот бериши ҳақидаги норма чиқарилганлиги айтиб ўтилди.

 “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонун Сайлов кодекси билан мувофиқлаштирилиб, парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар билан тенг равишда Президентлик сайловларини ҳам давлат томонидан молиялаштириш тартиби белгиланаётганлиги ҳам тадбир жараёнида билдириб ўтилди.

Қонун хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини, дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, шунингдек, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойда кўчма қутиларда овоз беришининг ҳуқуқий асоси яратилаётганлиги тадбир иштирокчилари томонидан илиқ кутиб олинди.

Қонуннинг яна бир эътиборли жиҳатларидан бири қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, ҳарбий қисмларда ташкил этилган сайлов участкаларини кузатувчилар ўз ташрифи ҳақида камида 3 кун олдин хабардор қилиши тартиби белгиланганлиги, Сайлов комиссиялари аъзоларига ҳақ тўлаб бериш, компенсация тўлаш ҳамда иш ҳақини ҳисоблашнинг аниқ тартиби ўрнатилганлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасига ЕХҲТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси тавсиялари асосида бир қатор ўзгартиришлар киритиш таклиф этилаётганлиги, хусусан, сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланаётганлиги, сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланиши, сайлов натижаларини эълон қилиш муддатлари асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилганлиги ҳам маълум қилинди.

Сиёсий партиялар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек, Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилиши, шу билан бирга, сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари юзасидан сайлов кунига қадар оралиқ ҳисоботини ва сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин якуний ҳисоботини Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиши кўзда тутилиши каби ўзгаришлар маълум қилинди.

 Тадбир давомида парламент аъзоларининг мазкур қонунни қабул қилиши миллий сайлов қонунчилиги умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига янада мувофиқлаштирилишини, сайлов жараёнлари очиқ ва ошкора ўтишини таъминланишга эришилиши, фуқароларнинг сайловлардаги иштироки камайиб кетиши каби салбий ҳолатларнинг олди олиниши ҳамда кузатувчилар ва сайловчилар учун қулай шароит яратилиши эътироф этилди. Энг асосийси, Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги ўрни яхшиланиши кафолатланиши каби муҳим жиҳатларга урғу берилди.

 

Нурмат ОРИПОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

ижрочи котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+