Қонунчилик ўзгаришлар ва янгиланишларга ҳамоҳанг бўлиши лозим

20.06.2022 10:06:18

Ўз фуқароларининг орзу ва истаклари, дили ва тилидаги эзгу фикрларига ҳамоҳанг қонунчилигига эга бўлган мамлакат ўз олдига қўйган улкан марралар сари оғишмасдан доимо олдинга қараб боради. Мамлакатимиз  ҳам ўзгармоқда, янгиланмоқда, ёшармоқда. Одамларнинг кўз ўнгида янги Ўзбекистон бўй кўрсатмоқда.

Бугунги кунда янгиланиб бораётган мамлакатимизга ҳамоҳанг тарзда Бош қомусимизга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу муносабат билан “Адолат” социал-демократик партияси томонидан республикамизнинг ҳар бир ҳудудларида турли хил тадбирлар ташкил этилиб, фуқароларнинг мазкур масала юзасидан таклиф ва мулоҳазалари ўрганилмоқда.

жиз2

Бугун ҳам партиянинг Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан Жиззах вилоят Монополияга қарши курашиш ҳудудий бошқармаси мажлислар залида Конституциявий ислоҳотлар — инсон шаъни ва қадр-қиммати учун мавзусида конференция ташкил этилди.

Мазкур тадбирда  партиянинг Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати раиси Баҳром Абдуҳалимов, партиянинг вилоят, шаҳар ҳамда туман Кенгаши ходимлари, вилоят Прокуратураси, Ички ишлар, Адлия бошқармаси, вилоят Монополияга қарши курашиш ҳудудий бошқармаси ходимлари, маҳаллий депутатлар, ёшлар, хотин-қизлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

жиз4

Тадбирни очиб бериш учун сўзга чиққан партиянинг вилоят Кенгаши раиси Ориф Шукуров Конституциямизни юртимизда амалга оширилаётган  ислоҳотларга, ўзгаришларга, тезкор ва халқчил янгиланишларга ҳамоҳанг қилиш, шу асосда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиш масалалари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Шундан сўнг сўзга чиққан партиянинг Сиёсий Кенгаш Марказий аппарати раиси Баҳром Абдуҳалимов томонидан “Янги Ўзбекистон”ни бунёд этиш ҳар бир фуқароларимизнинг асосий мақсадига айлангани таъкидлаб ўтилди. Мазкур эзгу мақсад мамлакатимиз Бош қомусига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, яъни, конституциявий ислоҳотларни амалга оширишни кун тартибидаги асосий вазифалардан бирига олиб чиқди. Чунки, Янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий асоси, аввало, мамлакат Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилиши лозим. Албатта, бу шунчаки қилиниши лозим бўлган иш эмас, балки, юртимизда олиб борилаётган улкан ислоҳотлар даври - учинчи Ренессанс пойдеворининг барпо этишни муҳим шартидир.

жиз3

Ҳақиқатдан ҳам, мамлакатимизда ҳар бир соҳаларда амалга оширилаётган  кенг қамровли ислоҳотларда инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, унинг ҳуқуқларини олий қадрият сифатида эътироф этиш каби ғоялар ўз аксини топмоқда. Юртдошларимизнинг онгу тафаккурида рўй бераётган туб ўзгаришлар, уларнинг ён-атрофдаги воқеаларга муносабати, дахлдорлик ҳисси, сиёсий фаоллиги ва фуқаролик позицияси тобора ўсиб бораётгани ҳам эътиборга моликдир.

Шунингдек, давра суҳбатида сўз олган тадбир иштирокчилари томонидан Юртбошимиз бошчилигида халқимиз янгидан-янги марраларни забт этаётгани, кўз ўнгимизда мамлакатимиз жаҳонга юз тутаётгани, мазкур ўзгаришларни нафақат биз, балки чет элликлар ҳам эътироф этаётгани, энг муҳими, юртдошларимизнинг дунёқараши янгиланиб, улар ҳам ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланаётгани эътироф этилди.

Қизғин мунозаралар остида ўтган мазкур тадбирда партия фаоллари ва иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, давлат ва жамият тараққиётига дахлдор қатор таклифлари олинди.

Тадбир сўнгида фаолларга партиянинг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

 “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+