Қонунда вакцина олган ходим манфаатлари акс этмаган. Нима сабаб?

14.08.2021 18:08:41

Маълумки, яқинда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.

Унда Меҳнат кодексининг 113-моддасида ходим карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлиги назарда тутилган.

Албатта, ушбу меъёрлар халқ саломатлигини кўзлаб жорий этилган. Вирусга чалиниш занжирини узиш учун профилактик тадбирлар шарт. Аммо ушбу қонун асосан иш берувчилар фойдасига хизмат қилмоқда. Ходим манфаатларидан эса четлаб ўтилмоқда.

“Соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда” изоҳи берилгани айни муддао, бироқ шифокор рухсатидан сўнг вакцина қабул қилган ходимларга ҳам имтиёз ва имкониятлар берилганида нур устига аъло нур бўлар эди.

Вакцина олгач, айрим безовталиклар (иситма, холсизлик, оғриқ) кузатилиши реал мисоллар билан исботини топди. Аслида бу хавотирли ҳолат эмас, аксинча иммунитет шаклланаётганидан дарак беради. Мазкур аломатлар юз бераётган вақтда (таҳминан 3 кун давомида) ходимга иш ҳақи сақланадиган таътил бериш мақсадга мувофиқ. Бинобарин, соғлом вужудгина тўлақонли меҳнат қилишга қодир бўлади. Вакцина реакцияси вақтинча ноқулайликлар туғдираётганида ходимнинг иш унумдорлиги пасайиши табиий. Шундай экан, вакцина олган ходимга ўз соғлиғига эътиборли бўлиши учун шароит яратиб берган афзалдир.

Ўтган йили мамлакатимизда қатъий карантин талаблари ҳукм сурганида имкони бор ташкилотлар ўз ходимларини масофавий меҳнатга ўтказди. Компьютер орқали бажариладиган ишларда уйдан туриб меҳнат қилиш иш сифатига таъсир қилгани йўқ. Демак, бу амалиётга вакцина олган фуқоро манфаати юзасидан ҳозир ҳам қисман мурожаат қилишга ҳақлимиз.

Ишга узоқ масофадан қатнайдиган ишчилар бор. Уларни вакцинадан кейин кўчада йўл кечиб юришга мажбурламай, масофавий меҳнатга вақтинча ўтказиб туриш керакмасмикин? Албатта, аломатлар оғирроқ кечса, ишга келишдан ҳам, уйда ишлашдан ҳам озод қилиш ва иш ҳақини сақлаш инсонийликдан бўлади. Чунки у ўзига келгунича ётоқ тартибида бўлиши, шифокор тавсия этган муолажаларни олиб бориши лозим.  

Коронавирус ҳаммада ҳар хил кечаётганини кўриб, гувоҳи бўляпмиз. Кимдадир оғир, кимдадир енгил, бошқа бировда аломатларсиз ўтяпти. Бундан қатъий назар вирус аниқланган бемор ўзини соғломлардан изоляция қилиши шарт. Оғир аҳволдаги беморлар шифохонада, ўртамиёналар уйида изчил муолажалар билан даволаняпти ва ишидан касаллик таътилига чиқяпти. Лекин енгил ва аломатсиз ўтказаётган беморлар асосан бошқаларни кўзлаб – ташувчи бўлиб қолмаслик учун уйда қолади. Балки бу вақт оралиғида касаллик таътили эмас, масофавий меҳнатдан фойдаланган маъқулдир. Эҳтимол шу йўл билан ходимга иш ҳақини тўлиқ бериш орқали кўмак кўрсатилар.

Хуллас, бу мавзуни яхшилаб ўйлаб кўриш керак. Афсуски, мазкур масалага парламент томонидан жиддий ёндошилмаган.  Ваҳоланки қонунлар бир томонлама эмас, мукаммал яратилиши лозим. Иш берувчига фақат ҳуқуқ берилган, лекин унга мажбуриятлар ҳам юклатиш зарур. Депутатлар ва сенаторлар нега ушбу омилларни назардан четда қолдиришган, деган таассуфдамиз.

Юртимиздаги ислоҳотларда ҳам, “Адолат” СДП сайловолди дастурида ҳам ижтимоий ҳимояга юксак эътибор қаратилган. Бугунги кунимиз фидойилари ҳамда порлоқ келажак бунёдкорлари ҳисобланмиш ишчи-меҳнаткашлар ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилиш доимий долзарб масаладир.

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+