Қорақалпоғистонлик ёшлар – Наманганда

01.08.2022 09:08:28

Шу кунларда Қорақалпоғистон Республикасидан келган бир гуруҳ ёшлар Наманган вилоятида меҳмон бўлиб турибдилар. Улар орасида қораўзаклик йигит-қизлар ҳам бор. Икки йилдирки, мазкур туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича наманганлик тадбиркорлар қатор ишларни амалга оширмоқдалар. Қишлоқ хўжалигидан тортиб, саноат ёки қурилиш дейсизми, деярли барча соҳада ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган.  Дастлабки самаралар кўзга ташланиб ҳам қолди. Улар ҳудудни ҳар томонлама ривожлантириш ва пировард натижада аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.  Шу аснода ўзаро манфаатли алоқалар тобора ривож топмоқда. Делегациялар алмашиш, турли йўналишдаги илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳам диққат марказида турибди.

 – Қорақалпоғистонлик йигит-қизлар айни пайида Косонсой туманидаги “Соҳил” оромгоҳида ҳордиқ чиқармоқдалар, - дейди “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти фаоли Акбаржон Мансуров. – Бир гуруҳ сафдошларимиз билан улар ҳузурида бўлдик.  Меҳмонлар ўзлари учун яратилган шарт-шароитлардан мамнунликларини изҳор этишди. Биргаликда қатор тадбирлар ҳам ўтказдик. Асосий мавзу дини, урф-одатлари, орзу-мақсадлари муштарак бўлган халқларимиз дӯстлигини янада   мустаҳкамлаш бўлди. 

наман2_2

Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак ва Тўрткўл туманлари ёшлари 24 июль куни Наманганга етиб келдилар. Улар тантанали кутиб олинди. Мезбонлар қардошларнинг ҳар бир куни мазмунли ўтишини таъминлашга ҳаракат қилмоқдалар. Махсус чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Ундан маданий тадбирлар, спорт мусобақалари, учрашув, давра суҳбатлари кабилар ўрин олган.

Бу борада Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши фаоллик кўрсатмоқдалар. Куни кеча улар ҳамкорликда маҳаллий ижодкорлар иштирокида ижодий учрашув ташкил этдилар. Унда ёзувчи ва шоирлардан Муҳиддин Омад, Умматали Дадабоев ҳамда адабиёт жонкуяри Аъзамжон Мамажонов қатнашдилар. Ижодкорлар томонидан бошлаб берилган мушоирани қорақалпоғистонлик  ёшлар давом эттирдилар. Якунда фаол иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан бадиий китоблар совға қилинди. Учрашув барчада унутилмас таассурот қолдирди.

Бундай қизиқарли ва кўнгилочар тадбирлар ҳар куни ташкил этилмоқда. Вилоятдаги шаҳар ва туманларнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар, тарихий ва меъморий ёдгорликлар билан танишиш ҳам мўлжалланган.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,                           

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+