“Қўрғонтепа”нинг катта муаммолари қачон барҳам топади?

14.06.2021 17:06:15

“Қўрғонтепа” маҳалласи Сардоба тумани марказидан 30 километр узоқликда жойлашган бўлиб, сув омборига энг яқин ҳудуд ҳисобланади. Маҳалла аҳолисини ўйлантираётган масалалардан асосийси бу оқар сувнинг йўқлигидир. Чунки Сардоба талофатидан буён маҳаллага оқар сув келмайди.

-Сув тошқини юз берганида биринчи бизнинг маҳалла зарар кўрган эди. Ўша вақтлари маҳаллага келувчи оқар сувларнинг латоклари ҳам вайрон бўлган эди. Орадан бир йил вақт ҳам ўтди. Лекин сочилиб, бузилиб ётган латокларни ҳеч ким таъмирламаяпти. Ҳашар йўли билан қилайлик десак маблағимиз етмайди. Асосий даромад манбаимиз томорқа ҳисобланади. Оқар сувнинг йўқлиги деҳқончилигимизни нес-нобуд бўлишига сабаб бўляпти, -дейди Болибек Тангиров биз билан суҳбатда.

“Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида йиғилган ишчи гуруҳи аъзолари ушбу масалага қачон ва ким томонидан ечим топилишини сўраб мутассаддиларга юзландик.

-Ушбу маҳалланинг оқар сувига мўлжалланган латокларни таъмирлаш масаласи маблағ билан боғлиқдир. Чунки тартибига кўра таъмирлаш ишларини олиб борадиган ташкилотлар учун тендер савдолари ўтказилиши зарур. Лекин ҳали тендер ўтказилгани йўқ. Муаммога қачон ечим топилиши фақат бизнинг ташкилотнинг имкониятига боғлиқ эмас, дея вазиятни изоҳлайди Сардоба тип ирригация тизими гидротехниги Баҳтиёр Холов.

- Маҳалланинг “Аҳиллик” кўчасида 50 дан ортиқ хонадон мавжуд бўлиб, ичимлик суви билан боғлиқ масалага аҳоли томонидан муқобил ечим топилган. Лекин қудуқларда сақланаётган сувнинг сифатига ҳеч ким кафолат бермайди. - Ҳар бир хонадонга сув қувури ўтказилиб, сув жўмраклари, ҳисоблагичлари  ўрнатиб кетилган. Лекин саккиз ой бўлдики, ичимлик сувидан дарак йўқ. Оқар сув йўқлиги учун ичимлик сувини бир қудуғини етмиш минг сўмга сотиб оламиз. Мажбурмиз шунга, - дейди маҳаллада ўттиз йилдан буён истиқомат қилаётган  Ойдин Сангирова бизга сув қудуқларини кўрсатар экан.

Бизнинг ташрифимиз ва таклифимиз сабаб масъуллар ҳудудга етиб келди. “Сув таъминот” МЧЖ Сардоба туман бўлими раҳбари Лочин Шодмонов яқин кунларда ичимлик суви билан боғлиқ масала ўз ечимини топишини таъкидлади. Чунки ичимлик суви қувурларини туман марказига яқин бўлган жойдан тортиб келинсагина босим етиши мумкин. Бунинг учун лойиҳа ишлари тугалланаётгани маълум бўлди. Аҳоли мурожаатларини ўрганиш асносида маҳаллада хал қилиниши зарур бўлган бандлик масаласи ҳам борлиги ойдинлашди. Яъни, маҳалла фаоли Ўктам Хўжабековнинг таъкидлашича, маҳаллада бирорта ҳам ишлаб чиқариш корхонаси ёки ташкилот йўқ. Шу сабабли аҳолининг асосий қисми ишсиз.

-Томорқадан даромад олар эдик.  Лекин оқар сувнинг йўқлиги боис бу ҳам муаммо бўлиб турибди. Ижтимоий жиҳатдан ёрдам ва кўмак кўрсатилса яхши бўларди. Туман ҳокимлигига қачон мурожаат қилиб борсак маҳаллани обод қилиш учун маблағ ажратилган деб, ортимизга қайтаради. Лекин ажратилган маблағдан ҳамон дарак йўқ, - дея куйиниб гапирди Ўктам Хўжабеков.

Тўғри, бу маҳалла аҳолиси хатто сув тошқинида ҳам ўз уй-жойини ташлаб кетмаган эди. Чунки уларда умид ва ишонч бор. Мурожаатларга сабаб бўлган масалаларга тез орада ечим топилишига ҳам умид қилишаётганини хулосаладик. Партия томонидан тузилган ишчи гуруҳ таркибидаги аъзолар, яъни партиянинг туман Кенгаши раиси Бекпўлат Бекмуродов, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Санобар Шукуровалар мазкур масалаларга ечим топилиши бўйича тегишли сўровлар юбориб, амалий натижасини назоратга оладиган бўлди. Энг муҳими мурожаатлар шунчаки қолиб кетмаса бўлгани. Демак, биз мавзуга яна қайтамиз.

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА, 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят  Кенгаши

 матбуот котиби

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+