Қозондан “учиб кетган” парранда, фамилияси иккитадан болалар...

19.06.2021 13:06:33

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 15-16 апрель кунлари вилоятимизга ташрифи давомида кўплаб соҳалар қатори мактабгача таълим тизимидаги муаммоларга ҳам тўхталди. Жумладан, 2018 йил 30 сентябрда қабул қилинган “Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори ижроси тўлақонли бажарилмагани танқид қилинди. Шу жиҳатларни инобатга олиб, Ўзбекистон “Адолат” СДП Жомбой туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи ташаббуси билан Жомбой туманидаги мактабгача таълим муассасалари ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди.

1- ва 7-давлат мактабгача таълим ташкилотларида умумий камчиликлар мавжуд. Бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди. Афсуски, 19-ДМТТдаги жорий ҳолат кишини ташвишга солади. Ўйин майдончалари носоз. Ҳудуд ободонлаштирилмаган. Болада эстетик дид, табиатга меҳр, эзгуликка муҳаббат уйғотиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрилмаган. Эртак қаҳрамонлари, турли жониворлар ёки ўсимлик макетларини ўрнатиш, деворларга суратлар тушириш орқали ҳам ушбу мақсадга эришиш мумкин. Аммо ҳозирча, ташкилот ҳудудида болажонлик руҳи сезилмайди. Ташкилот ховлисига ҳатто бир туп гул ҳам экилмаган.

Тарбиячилар савияси тарбия сифатига таъсир кўрсатмай қолмайди. Танлов асосида кичик гуруҳ ўрганилганда бунга яна бир бор амин бўлдик. Гуруҳ рўйхатида 31 нафар тарбияланувчи қайд этилган. Амалда 35 нафар бола тарбияланмоқда.

Меҳнат интизоми ҳаминқадар. Иш вақти бўлишига қарамай, 3 нафар ходимни топишнинг имкони бўлмади. Афсуски, тиббий хизмат фаолиятини ҳам қониқарли баҳолаб бўлмайди. Қоидага кўра, тарбия масканларида 20 турдаги дори-дармонлар бўлиши талаб этилади. Эътиборлиси, нафақат, 19- балки бошқа тарбия масканларида ҳам бу борадаги вазият бир хил. Зарур дори-дармонлар охирги марта 2020 йилда келтирилган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари ва рационга амал қилиниши ҳолати таҳлил қилинди. Ачинарлиси, норасидалар ҳақига “қўл узатилиши” кўзга ташланмоқда. Менюдаги овқатга солинган “9 килограмм мол гўшти” ёзувини бўяб, “18 килограмм товуқ гўшти”га айлантирилганини қандай изоҳлаш керак? Текширилганда қозонга 8 килограмм парранда гўшти солингани ойдинлашди. Қолган 10 килограмм парранада қаёққа “учиб кетгани” бизга қоронғи.

Сўз юритилаётган кунда муассасага 40 литр сут қабул қилинган. Ҳужжатларда 54 литр кўрсатилган...

Хуллас, хўжалик ишлари мудири томонидан кирим-чиқим дафтари апрель ойидан бери юритилмагани асл ҳолатга баҳо бериб турибди.

Ишчи гуруҳ томонидан фаолияти ўрганилган 3-, 12-, 14-давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги вазият янада оғир. Олайлик, 14-боғчада нақд 12 нафар бола ҳужжатсиз тарбияга жалб этилган. 

12-давлат мактабгача таълим ташкилотидаги манзара ғаройибликда пешқадамлик қилди.

Ўрганиш асносида кичик гуруҳда бўлиб, болажонлар билан рўйхат асосида таниша бошладик.

– Маржона!

Чақириққа уч ёшли қизалоқ иккиланиб, секингина “мен”, деди. Шу пайт ёнидаги бошқа бола “Бу Маржонамас, Маржона келмаган” деди. Асли исми Тоҳир бўлган болакайнинг Ҳасан бўлиб туриши ҳайратимизни янада оширди. Шу зайл 7 та боланинг исми тарбиячилар томонидан “вақтинча” ўзгартириб турилгани маълум бўлди.

Тарбиячи “Бу болаларнинг исми иккитадан, шунга адашишди” деб вазиятни ҳаспўшлашга уринди. Аммо болажонлар ўртоғининг нафақат исми, балки фамилиясини ҳам биларкан. Балки фамилияси ҳам иккитадандир...

Шу мақсадда олиб борилган ўрганишлар Халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясининг кун тартибида муҳокама этилди. Сессияда мактабгача таълим муассасаларида қайд этилган камчиликлар учун мактабгача таълим бўлими мудирга қатъий огоҳлантириш берилди. Депутатлар томонидан 12, 19, 6, 25, 24, 3-ДМТТ директорларига навбатдаги интизомий чора кўриш бўйича таклифлар билдирилди. 7, 30, 16-ДМТТлари иш фаолиятини яхши йўлга қўя билганлари учун рағбатлантириш белгиланди.

Таълим ва тарбия уйғунлиги, деймиз. Аслида тарбия нисбатан нозик ва жиддий эътибор талаб қиладиган жараён. Бола кун келиб олим бўлмас, шунчаки, ҳунарманд бўлиб, рўзғорини обод қилган, ишини санъат даражасига кўтарган инсонлар қанча. Аммо ёшликдан гўзал тарбия кўрмаган боладан олим ҳам, ҳунарманд ҳам чиқмайди. Шунинг учун ҳам мурғак ёшидан ёлғон сўзлашга ўргатилаётган болалар тарбияси бизни жиддий ташвишга солиши керак.

 

Комила УМАРОВА,
Халқ депутатлари Жомбой туман кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+