Қуйи палата депутатлари тиббиёт муассасаларини ўрганди

05.02.2021 14:02:48

Ўтган йил сўнгида Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган навбатдаги Мурожаатномаларида халқ ноиблари бўлган депутатлар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб, уларнинг халқ билан мунтазам равишда иш олиб боришлари кераклигини таъкидлаган эдилар.

Ушбу хитобнинг инъикоси сифатида бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда бўлиб, юзага келган мавжуд камчиликлар устида иш олиб бормоқда. Жумладан, пойтахтимизнинг Яккасарой туманида олиб борилган ўрганишлар давомида депутат Елена Борисова кўп тармоқли шифохона фаолияти билан танишди. Маълум бўлишича, республика бўйича соғлиқни сақлаш тизимида хатловлар ўтказиш жараёнлари бошланганлиги туфайли бу бўйича туманда 62 нафар ишчи гуруҳи ташкил этилган. Шунингдек, жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб пойтахт ҳудудида туғилганлик тўғрисидаги маълумотномалар шифохоналар орқали эмас, балки давлат хизматлари маркази томонидан амалга оширилиши ҳақида муассаса томонидан маълумотлар бериб ўтилди. Ўз навбатида шифохона фаолияти ва мавжуд камчиликлар билан танишилди ҳамда мутасадди туман ҳокимлиги вакиллари билан чора-тадбирлар тузиб олинди. Учрашув давомида Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармаси вакили Раъно Хайитбоева ҳамда депутат Е.Борисова, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Б.Валиев, туман Кенгаши фаоллари иштирокида аниқланган масалалар юзасидан мулоқотлар олиб борилди ва режалар белгилаб олинди.

Кейинги учрашув Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойдин Абдуллаева иштирокида пойтахтимизнинг Миробод, Бектемир, Яшнобод туманларида ўтказилди. Миробод туман “Тонг юлдузи” маҳалласи ҳудудида олиб борилган ўрганишларда айрим аҳоли вакиллари томонидан мутасадди жойларга қилинаётган мурожаатлар эътиборсиз қолдирилаётганидан шикоятлар айтилди. Жумладан, маҳалла ҳудудида истиқомат қилувчи Алиев Бахтиёр Абдугаффарович ўтган йилнинг 29 декабрида Халқ қабулхонасига маҳалла фуқаро йиғини томонидан унга ҳеч қандай моддий ёрдам ажратилмаётганлиги, уй-жой масаласида муаммоси борлиги бўйича мурожаат қилган. Ваҳоланки, маҳалла масъуллари келтирган далолатномада ушбу фуқаро кам таъминланган оилалар рўйхатига кирмаслиги, шунга қарамасдан ҳомий ва тадбиркорлар томонидан бир қанча озиқ-овқат махсулотлари берилганлиги, шаърий никохда бўлган рафиқаси Агзамова Муниса иккинчи гуруҳ ногиронлик нафақасини олиши, фарзандига эса боқувчисини йўқотганлик нафақаси тўланиши маълум бўлди. Депутат ушбу ўрганишлардан хулоса ясаб, бу каби фуқароларда ижтимоий боқимандалик кайфияти юқори эканлигига урғу берди. Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаларида таъкидлаганларидек, қачонки, “инсоннинг интилиши” деган тушунча амалда ўз исботини топмас экан, инсонларда ҳаракатсизлик ва барча нарса тайёр ҳолатда бўлган ҳаётга одатланиб қолаверишини уқтириб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулруҳ Агзамова аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганиш, таълим соҳасини яхшилаш ва  ривожлантириш борасида ҳудудларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бугунги ҳолати, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 27 январь куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўтарилган устувор вазифаларнинг тарғиботи юзасидан Сергели туманида олиб борган ўрганиш ишларида 12-оилавий поликлиникадаги шарт-шароитлар билан танишди ҳамда камчиликларни ўрганиб, уларни ҳал этиш бўйича муҳим тавсияларини берди. Муаммо ечими юзасидан олиб бориладиган ишларни белгилаб олди. Шунингдек, тумандаги 47 мактабда олиб борилган ўрганишларида мактаб маъмурияти томонидан муассаса стадионини қайтадан барпо этиш лозимлиги бўйича таклифлар олди.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+