Қуръони Каримнинг ноёб қўлёзмаси ўғирланди

17.08.2022 11:08:43

Шу йил 9 август кунидан 10 август кунига ўтар кечаси Чортоқ тумани Балиқкўл МФЙда жойлашган Султон Увайс Қараний зиёратгоҳида нохуш воқеа содир бўлди. Номаълум шахслар бу ерда сақланаётган Қуръони Карим»нинг қўлёзма нусхасини ўғирлаб кетган. Наманган вилояти прокуратураси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан назоратга олинган бу ҳолат юзасидан Чортоқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми «в»,«г» бандлари бўйича жиноят иши қўзғатган. Тезкор-қидирув ишлари олиб борилмоқда.

– Мен ушбу зиёратгоҳ яқинида яшайман, - дейди «Адолат» СДП Чортоқ туман кенгаши раиси Ҳабибахон Мирабдуллаева. – Воқеа тафсилотларини маҳалла фаолларидан эшитдим. Албатта, кўпчилик қатори афсус-надомат чекдик. Чунки бу китоб маънавиятимизнинг бир бўлаги, ғурур ва ифтихоримиз эди. Зиёратгоҳ меҳмонлари уни катта қизиқиш билан томоша қилардилар. Ҳамма ўғриларнинг бу ножўя ишини қораламоқда.

Шу ўринда Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи кенг кўламли таъмирлаш ишларидан сўнг ўтган йили очилганди. У 6 гектар майдонни эгаллаган. Бу ерда 1400 ўринга мўлжалланган масжид ва таҳоратхона, мақбара ёнида айвон, замонавий меҳмонхона, миллий музей ва кутубхона, 3 та фаввора, дам олиш айвонлари ва хизмат кўрсатиш шохобчалари мавжуд.

Зиёратгоҳ музейидан ўғирланган Мусъҳафнинг қўлёзма нусхаси ҳажми жиҳатдан Ўзбекистон мусулмонлари идорасидаги Қуръони Усмонийдан кейин иккинчи ўринда туради. Нодир қўлёзманинг бўйи 74, эни 51, қалинлиги 12 сантиметрни, оғирлиги эса 21,5 килограммни ташкил этади. Жами 428 саҳифадан иборат, Қуръондаги барча суралар тўлиқ ёзилган. Бу ноёб китоб неча йиллик тарихга эга эканлиги – 800 йил, 500 йил деган далиллар келтирилади ва турли тахминлар бор.

Ўғирланган ноёб китоб тез орада топилади ва зиёратгоҳ музейига қайтарилади, деб ўйлаймиз. Чунки у халқимизнинг мулки, динимизнинг бойлигидир.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+