Рақамлаштириш – ривожланишнинг муҳим омили

08.06.2021 17:06:49

Бугун мамлакатимиз илғор, ривожланган давлатлар сафидан мустаҳкам ўрин эгаллашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар эса халқимизга муносиб турмуш шароитларини яратиб бериш мақсадида қилинмоқда. Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг шахдам одимлари дунё ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда.

Давлат раҳбари Олий Мажлисга 2020 йилги Мурожаатномасида “Тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт. Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради”, - дея таъкидлаб, келаси беш йил ичида рақамли иқтисодиётга ўтиш вазифасини қатъий мақсад сифатида белгилаб берганди.

Рақамли иқтисодиёт бу янги технологиялар ва бизнес моделлари яратиш ҳамда уларни кундалик ҳаётга жорий этиш орқали мавжуд иқтисодиётни янгича тизимга кўчиришдир. Шу билан биргаликда, рақамли иқтисодиёт - иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларнинг рақамли технологияларини қўллаш асосида амалга ошириш мумкин бўлган тизимдир.

Ўз навбатида рақамли иқтисодиёт ва маълумотлар соҳасидаги инқилобий ўзгаришлар давлат томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳажми ва самарадорлигини оширишга имкон беради. Шу билан бирга, шаффофликни таъминлаб, фуқароларнинг давлатга ишончини мустаҳкамлайди.

Дарҳақиқат, бугунги даврни рақамли технологияларсиз тасаввур этиш мушкул. Зеро, у кундалик зарур эҳтиёжимизга, ҳар бир тармоқнинг ривожланиш мезонига айланмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқаролар ҳаёти сифатини яхшилаш учун барча соҳаларга инновацион ечимлар, ахборот технологиялари ва рақамли иқтисодиётни жорий этиш бўйича чора-тадбирларни изчил ва интенсив равишда амалга ошириш масалалари ҳам ўрин олган.

Ўзбекистонда давлат иштирокидаги компаниялар иқтисодиётнинг анчагина улушини эгаллайди. Шунинг учун уларни рақамлаштириш мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсишига бевосита таъсир қилади. Бошқача қилиб айтганда, давлат секторининг рақамли трансформацияси Ўзбекистонда иқтисодий ўсишнинг муҳим драйверларидан бири бўла олади.

Дунёдаги нуфузли ташкилотлар томонидан олиб борилган таҳлиллар натижаларига кўра, рақамли иқтисодиёт ЯИМни камида 30 фоизга ўстириш, шунинг баробарида, хуфиёна иқтисодиётга барҳам бериш ҳамда коррупцияни кескин камайтириш имконини берар экан. Кўриниб турибдики, мазкур соҳа юртимизда барча соҳа ва тармоқнинг юксак ривожига жиддий туртки бўлади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоиз, рақамли иқтисодиёт коррупция ва “яширин иқтисодиёт”нинг асосий кушандасидир.

Давлатнинг рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўлини танлаганлиги ахборот технологиялари соҳасида ва умуман, электрон ҳужжатлар айланмасида янги йўналишлар очиб беради.

Дилдора ЖЎРАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Шароф Рашидов туман Кенгаши

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+