РEКЛАМАЛАР МАЪНАВИЯТИМИЗГА ЗИДМИ?

04.07.2024 14:07:02

Роберт Киёсаки жуда кўп ёзганларини, рекламанинг аҳамиятини ўзининг китобларида акс эттирган. У ўзи иқтисодиёт йўналишида таҳсил олиб, шу соҳада ўқишини якунлаган. «Агар менда қайта имконият бўлганида, маркетинг соҳаси бўйича таълим йўналишида таҳсил олган бўлардим…»- дейди. Кимки олимнинг китобларини диққат билан ўқиб чиқса, у қизиқтирадиган ва билинмайдиган реклама усулидан фойдаланганига, сўзларни қанчалик қадрлаганига гувоҳ бўлади. Ташкилот, корхоналарга кираверишда ёзилган шиорлар ёки кўчаларда савлат тўкиб турган сарлавҳалар, пешлавҳалар, девор устунларига ёпиштирилган эълонларга деярли ҳар куни кўзимиз тушади. Кимдир уларни шунчаки ўқиб ўтади ёки шунчаки нигоҳини ташлайди. Хато ва камчиликларини ҳамма ҳам илғайвермайди. Билганлар эса бу ҳолдан дили хира тортсада бепарволик билан ўтказиб юборади.

Имловий хатолар ва бачкана расмларни кўриб, беихтиёр ўйга толади киши. Фикримизнинг исботи сифатида бир қанча реклама, эълон ва расмларга эътибор қаратишни лозим топдик. Реклама матнидаги грамматик қоидаларни бузиш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Масалан, «Музкаймок ва газли сувлар сотилади», «Сомсага мархамат», «Buhoro SHashlikiari» деб номланган реклама баннерларида нотўғри ёзилган сўзларга кўп кўзингиз тушади. «Паризода гўзаллик салони», оила қуриш истагида бўлганлар учун «Гул ва булбул» дастури бачканаликнинг бир кўриниши эмасми? «Ош маркази», «Шашлик маркази»ни ҳар қадамда учратишингиз мумкин. Аксарият ҳолларда ўзбек тилининг имло луғатидан жой олган ў, қ, ғ, ҳ ҳарфларидан умуман фойдаланилмайди. «Музкаймок бор», «Дукон очик», «Ошга мархамат», «Пластикка савдо киламиз». Бунга ўхшаш ҳолатлар кўп учрайди. Кирилл ва лотин ёзувидаги сўзларни қориштириб ташланган эълон ва билдирувлар қанча?

Баннерлар, плакатлар, видеороликлар реклама эскизларини ишлаб чиқаётган, тайёрлаётган дизайнерлар аввало, лойиҳанинг ижодий жиҳатига, саводхонлик қоидаларига эътибор қаратишлари лозим. Уларни рўйхатдан ўтказишга тақдим этиш олдидан масъуллар текшириб кўрмайди. Бу эса юқоридаги каби камчиликларни юзага келтиради. Бундай нуқсонлар оммавий ахборот воситаларида такрор-такрор танқид қилинишига қарамай, янги — янгилари пайдо бўляпти. Нега? Рекламалар табоққа илинишидан олдин назоратдан ўтказилмайдими?

Шунингдек, айтиш керакки, реклама тўғрисидаги қонунни бузган юридик ёки жисмоний шахслардан энг кам ойлик иш ҳаққининг 5 баробаридан 25 баробаригача жарима ундирилиши мумкин. Кузатишларим асоси одамлар қўлларига китоб олиб ўқишлариданда кўпроқ рекламаларга эътибор қаратишларидир. Ҳар қандай рекламалар бизнинг қадриятларимизга зид бўлмаслиги ҳамда унинг ортида моддий манфаат туришини, бу манфаат маънавиятимиз, урф-одатларимизни йўқотиш ҳисобига қўйилмаслигини ҳамма билиши шарт.

Юқоридагилар денгиздан томчи. Ҳамюртларимиз ҳамда реклама ёзувлари учун масъулларнинг бепарволиклари дилимизни хира қилади. «Ҳаётда лоқайд одам қўрқинчли» экани ҳақида кўп эшитгандим. Бугун ана шу ҳолатга дуч келдим. Лекин ҳамма ҳам шундай эмас деган хулосам, кўнглимни равшан торттирди. Баҳони бир тарафлама бериш нотўғри, дея ўзимга таскин бердим.

Сарвиноз АҲМEДОВА,
«Адолат» СДП
Андижон туман Кенгаши фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+