Риштон тумани орқали Сўх туманига олиб бориладиган йўл очилди

02.04.2021 17:04:13

 8 йилу 3 ой.  Айнан бу  муддат  риштонлик ва сўхликлар учун  соғинч ва сабр даврига айланди.  Ўз яқинлари, қуда-андалари билан борди-келди қила олмаётган ёши улуғ отахонларимиз, онахонларимиз  вақтики келиб бу кунлар ортда қолишини айтиб дуо қилардилар.  Қолаверса, йўл муаммоси фуқароларнинг ишга бориш,  саломатлиги учун зарур бўлган тиббий хизмат олиш масалаларида ҳам қийинчиликларни юзага келтирган. Айнан жорий йилнинг 1  апрель санасида эса дуолар ижобат бўлди.  Қирғизистон ҳудуди орқали Сўх туманига  олиб борувчи йўл очилди. Сўхликлар Риштонга келиб кетиши учун 80 километр йўл босиб ўтиши керак бўлган  бўлса, эндиликда 19 километрлик йўл орқали  ўз манзилига етиб борадилар.

Қирғизистон  Президенти  Садир Жапаровнинг  давлатимизга расмий ташрифи давомида юртбошимиз билан чегара борасидаги барча масалалар келишиб олинган ва  музокаралар давомида бу борада зарур чора-тадбирлар белгиланган эди. Йўлнинг очилиши икки давлат ўртасидаги  дўстона ҳамкорликнинг ўзига хос ифодасига айланди.  

– Халқимиз учун бу чинакам байрам бўлди, – дейди меҳнат фаҳрийси  Турсунхўжа Абдураҳмонов. –  Икки давлат вакиллари  бир-бири  билан қучоқ очиб кўришдилар. Оналаримиз, сингилларимизнинг қувончини таърифлашга сўз тополмайман.  Мен ҳам жуда қувондим.  Узоқ йиллардан бери кутилаётган воқеа амалга ошди.    

 “Риштон”  божхона чегара постининг очилишида Фарғона вилоят  ҳокими Ҳайрулло Бозоров  ва Боткен  вилояти губернатори  Омурбек Сувоналиев  бошчилигида расмийлар иштирок этди.

Меҳмонлар анъаналарга кўра, нон-туз билан кутиб олинди. Улар  икки мамалакат ўртасидаги дўстлик ва қардошлик, ҳамжиҳатлик ва қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкам, абадий бўлиши ҳусусида сўз юритдилар.  Олқишлар, ҳайқириқлар, кулгулар жаранги  тадбирнинг моҳиятини янада ошириб юборди.  

Икки давлат ўртасидаги келишув асосида чегаралардан ўтиш тизимини соддалаштириш, боғлаб турадиган  йўлларни  реабилитация қилиш,  ўзаро савдо алоқаларини йўлга қўйиш масалаларида тизимли равишда ислоҳотлар олиб борилади. Фарғона вилоят ҳокимининг таъкидлашича,   келгусида Сўх туманига  қатнаш учун   микроавтобуслар йўлга қўйилиши режалаширилган.

– Икки давлат раҳбарларининг самимий учрашуви  дўстона муносабатларни янги поғонага олиб чиқди, – дейди  Халқ депутатлари Сўх туман Кенгаши депутати Субҳонали Нишонов. – Чегаралар билан  боғлиқ масалалар ўз ечимини топмоқда. Ўртадаги  тўсиқ олиб ташланди.  Халқимиз доимо яхши қўшничилик анъаналарига садоқат руҳида муносабатлар ўрнатиб келган. Шубҳасиз, барча соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорлик алоқалари  ўзаро манфаатлар инобатга олинган ҳолда мавжуд муаммолар бартараф этилишига хизмат қилади.

Йўл очилишига бағишланган тантанали маросим Сўх тумани марказида давом этди. Икки давлат вакиллари бир-бирига совғалар улашдилар. Дўстлик, меҳр-оқибат аҳилликни тараннум  этувчи турли тилларда жаранг сочган дилбар қўшиқлар дилларни янада яшнатиб юборди.

 

 Камола ПОЛВОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+