Робахон Махмудова сурхондарёлик сайловчилар билан учрашди

12.06.2023 21:06:07

Бугун Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги “Санъат саройи”да Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Махмудова Робахон Анваровнанинг сурхондарёлик сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда партия фаоллари, депутатлар, меҳнат фахрийлари, фаол хотин-қизлар ва ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси Рустам Ҳамраев кириш сўзи билан очиб берди.

Шунингдек, тадбир давомида партиядан Президентликка номзод Робахон Махмудованинг бош ишончли вакили томонидан йиғилганларга номзод ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шундан сўнг номзод дастурида илгари сурилган 9 та устувор мақсад, яъни “Ҳуқуқий давлат қуриш — пировард мақсадимиз”, “Ижтимоий адолатни ва миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлаймиз”, “Илм-фан, инновациялар ва таълим соҳасининг барқарор ривожи — тараққиётимиз кафолати”, “Аҳоли саломатлиги — улкан бойлик” каби йўналишларда қонун устуворлигини таъминлаш, тиббиёт ходимлари ва ўқитувчи-педагогларнинг мақомини мустаҳкамлаш, уларнинг меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш вазифалари белгиланганлиги алоҳида таъкидланди.

Номзод дастуридан ўрин олган ижтимоий соҳага оид таклифларига тўхталаркан, “Ижтимоий давлат – 2030» дастури ва “Тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш, дориларнинг ягона электрон базасини такомиллаштириш орқали уларнинг ноқонуний айланмасига, фармацевтика ва тиббиёт ходимларининг яширин келишувларига чек қўйиш ҳамда нархларнинг асоссиз оширилишининг олди олиш, йўлсозлик соҳасидаги ишлар сифати устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларига эътибор қаратди.

Шунингдек, дастурда хотин-қизларнинг жамият сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларнинг яна-да чуқур билим ва касб маҳоратига эга бўлишлари учун кенг имкониятлар яратиш, юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлган аёлларни давлат бошқаруви органларининг барча соҳалари ва бўғинларига жалб қилиш, оилаларда тенг ҳуқуқли ва адолатли муносабатни, маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини яратишга оид таклифлар илгари сурилаётганлиги қайд этилди.

Учрашув давомида Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман)нинг Сурхондарё вилояти бўйича минтақавий вакили, Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти доценти Абдурашид Артиков, Халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгаши депутати, Жарқўрғон кичик бизнес ва енгил саноат техникуми директори Қизларшой Рахматова, “Амударё” болалар соғломлаштириш оромгоҳи директори, партия фаоли Шоҳида Холлиева, Термиз давлат университети юридик факультети 2- босқич талабаси Давлатбек Абдуқаҳҳоровлар сўз олиб, Президентликка номзод Робахон Махмудованинг Сайловолди дастури халқчил, юртпарвар ғоя ва мақсадлар жамланмаси эканлигини эътироф этиш баробарида, йиғилганларни кутилаётган муҳим сиёсий, тарихий тадбирда Робахон Махмудовага овоз беришга чақиришди.

Конструктив руҳда, қизғин савол-жавобларга бой бўлган учрашув сўнггида тадбир иштирокчилари юрт равнақи, фуқаролар фаровонлигини таъминловчи муҳим сиёсий тадбирларда фаол иштирок этишларини билдиришди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудованинг сайловчилар билан учрашувлари давом этади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+