Сафдошимиз меҳнати эътироф этилди

31.03.2021 20:03:32

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилояти ташкилотлари партия дастур ва ғояларини ҳаётга татбиқ этишда қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда фаолият олиб бормоқдалар. Айниқса, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқиндан алоқа ўрнатилганлиги яхши самара бермоқда. Бу борада Мингбулоқ туманида яхши тажриба тўпланган.

Маҳаллалар билан ҳамкорликни мунтазам асосда йўлга қўйишда туман партия кенгаши раиси Раънохон Умарованинг ҳиссаси катта. Чунки у бир муддат мазкур тизимда ишлаган, у ердаги ишлардан хабардор. Тумандаги деярли барча маҳалла фаолларини яхши танийди, улар билан доимий алоқада. Аҳоли хонадонларини депутатлар ва фаоллар билан ўрганганда аниқланадиган ҳар бир муаммони атрофлича таҳлил эташга, уларнинг ечимини иложи борича тезроқ топишга ҳаракат қилади.

“Адолат” СДП туман кенгаши билан маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ўртасида изчил ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги фаолият самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бунда ҳам Раънохон Умарованинг катта ҳиссаси бор. Айниқса, пандемия даврида сафдошларимиз ва маҳалла фаоллари  азалий  миллий қадрият ва анъаналаримизни муносиб давом эттириб, беморларга, пандемия туфайли қийинчиликларга дуч келганларга меҳр-оқибат ва саховатларини аямадилар. Юксак даражадаги  ҳиммат ва олижаноблик  фазилатлари  улуғланиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланди.  Бунда  Президентимиз ташаббуси билан бошланган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатининг самараси катта бўлди.

Яқинда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини йўлга қўйиш борасида фидокорлик кўрсатган бир гуруҳ фаолларга “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони топширилди. Мукофотланганлар орасида “Адолат” СДП Мингбулоқ туман кенгашининг раиси Раънохон Умарова ҳам бор. Сафдошимизнинг самарали меҳнати эътирофи бўлмиш нишонни унга вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шавкатжон Абдураззоқов ьақдим этди.

– Албатта, мукофот билан партиядошларимиз биринчилар қаторида қутлашди, - дейди Р. Умарова. – Бундан жуда хурсандман. Мукофот зиммамга катта масъулият юклашини яхши тушунаман. Маҳаллани янада ривожлантириш, ҳар бир оиланинг турмуш фаровонлиги оширишга ҳисса қўшишни бурчим деб биламан. Бор билимим ва куч-ғайратимни мана шу мақсад сари йўналтираман.

Биз ҳам Раънохон Умаровани мукофот билан қизғин табриклаймиз, келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилаймиз.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+