Сафдошимиз янги лавозимга сайланди

19.01.2021 10:01:00

 

Халқ депутатлари Чортоқ туман кенгашининг навбатдаги йигирма учинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 14 сентябрда имзолаган “Халқ депутатлари кенгашлари фаолиятини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги  қонунни амалга ошириш билан боғлиқ вазифалар кўриб чиқилди.

Маълумки, мазкур ҳужжатга биноан энди халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаолиятига ташкилий-техникавий ва бошқа  жиҳатлардан хизмат кўрсатувчи алоҳида котибият ташкил этиш назарда тутилган. У жами уч кишидан - котибият мудири ва икки мутахассисдан иборат бўлади. Албатта, бу лавозимларга билимли, ғайратли ва ташаббускор инсонлар сайланса мақсадга мувофиқ.

Шуни ҳисобга олиб, депутатлар тавсия этилган бир неча номзодни кўриб чиқдилар. Улар атрофлича муҳокама қилинди ва якуний тўхтамга келинди. Кўпчиликнинг таклифига мувофиқ котибият мудирлигига кенгашдаги Ўзбекистон “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Собиржон Икромов тасдиқланди. Бу ҳақдаги қарор якдиллик билан қабул қилинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП туман кенгаши раиси Ҳабибахон Мирабдуллаеванинг айтишича, сафдошимиз ҳар томонлама билимли, изланувчан ва меҳнатсевар инсон. У 2019 йил декабрида халқ депутатлари туман кенгаши депутати  этиб сайланганди. Собиржон айни пайтгача Чортоқ туман молия бўлимида масъул вазифада ишлаб келди. Жамоада ва ўзи яшайдиган маҳаллада катта обрў-эътиборга эга.

- Албатта, янги вазифа ўта масъулиятли эканлигини ҳис этиб турибман, - дейди Собиржон Икромов. - Депутатлар фаолиятини янада такомиллаштириш заруратини аввалдан сезиб юрардим. Уларни ҳақиқий эл хизматкорларига айлантириш, давлат билан халқни боғловчи кўприк бўлиши учун ҳиссамни қўшаман. Шунда ўзим аъзо бўлган Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг нуфузи ҳам янада ортади,  деб ўйлайман.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган

вилоят Кенгаши матбуот хизмати

                                     

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+