Сахий қалбли суянчлар

02.06.2021 13:06:54

Кимки бечорахол кишига ёрдам берса, Тангри унга икки дунёда ҳам ёрдам беради. Кимки бир мўминнинг айбини ёпса, Тангри унинг икки дунёдаги айбларини ёпади,-дейилади ҳадисда.

Халқимизда “болали уй – бозор...” яъни чексиз қувончга тўла деган ибора ҳам топиб айтилган. Бироқ, хонадонда бирон бир касаллик ёки шикастланиш эвазига ногирон бўлиб қолган фарзанд бўлса-чи? Албатта, бу оила аъзоларига ҳам, ота-онага ҳам ҳеч бир қувонч келтирмайди. Фарзандининг аҳволини кўриб, ота-онанинг кўнгли ёришмайди.

Ногирон бўлиб, тўшакда ётиб қолган болаларга ҳарна бўлсада, ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан ўтказиб келинаётган “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остидаги донорлик акциясида бугун вилоятдаги партия фаоллари ҳам иштирок этдилар.

Вилоят Қон қуйиш маркази эрта тонгданоқ “Адолат”чилар ва хайрихоҳлар билан гавжум бўлди. Бу ерга ташриф буюрганлар ўз ихтиёрлари билан қон топширдилар. Биз уларнинг айримлари билан мулоқотда бўлдик.

-Ҳар гал қон топшираётганимда ногирон бўлиб қолган гўдакларнинг нажот излаб  мунгли  боқишлари кўз олдимга келаверади,-дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Руиддин Раупов.-Шу туфайли ҳам бугун мен  берган  қон бир умр хаста бўлиб ётган гўдакларга кўмак берса, ўзимни бахтиёр ҳисоблардим.

-Раҳм-шафқатлилик халқимизга хос фазилатдир,-дейди Миллий гвардия Қашқадарё вилоят бошқармаси ходими,капитан Улуғбек Меликов.-Болажонларимизга ёрдам бераётганимдан мамнунман.

Саховат, одамийлик, меҳру мурувватга, чиндан ҳам инсоний кўмак, ғамхўрликка муҳтож бўлган, тақдир тақозоси билан тўшакда ётиб, ҳаёт қувончи, бахтидан бебаҳра қолган азиз фарзандларимизга нақадар олижаноблик кўрсатиб, чин кўнгилдан беминнат хизмат қилган азиз олийҳиммат, саховатли партиядошларимизга ташаккурлар билдириб қоламиз. Сахий қалбли мурувватли суянчлар сафи кенгаяверсин.

 

                                                     Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё

                                                     вилоят Кенгаши матбуот хизмати

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+