"Саховат ва кўмак": Зиммамиздаги масъулият ортди

21.04.2020 12:04:12

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев жорий йилнинг 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор ўтказди. Коронавирус пандемиясига қарши ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар фойда беряпти. Дунё ҳамжамияти томонидан Ўзбекистоннинг бу борадаги тизимли ишлари юқори баҳоланмоқда. Бу албатта, энг аввало муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида ҳукуматимизнинг тўғри ва халқчил сиёсати бўлса, иккинчи томондан юксак сабр-тоқат, меҳр-оқибат, ҳиммат ва саҳоват сингари фазилатларга эга бўлган халқимизнинг метин иродасидир.

Меҳр-оқибатли халқимиз иккинчи жаҳон уруши йилларида уруш ўчоғидан юртимизга эвакуация қилинган қардош халқлар аҳолисига ўзлари қийналиб қолган бўлсаларда, уйининг тўрини, еб турган бир парча нонининг ярмини, қалб қўрини берганлигига тарих гувоҳ. Эндиликда кўринмас ёвни енгишда ҳам халқимизнинг ана шу олижаноб хислатлари яна бир бор синовдан ўтмоқда.

Шу боис Президентимиз халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди. “Яқин кунларда барчамиз учун муқаддас бўлган Рамазон ойи кириб келади. Бу ойда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Шунинг учун ушбу муқаддас ойда ҳар бир тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало маҳалладошлари, қўни-қўшниларини фаол қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ”, – деди давлатимиз раҳбари. Дардга қарши олиб борилган самарали ишлар натижасида кўплаб ҳудудлар хавфдан сақланиб қолинди.

Шунга қарамай, аксарият вилоят ва туманларда корхоналар ўз ишини тўхтатган ёки тўлиқ қувват билан ишламаяпти. Бу ҳолат ҳудудлар иқтисодиёти ва ижтимоий соҳага, оддий қилиб айтганда, аҳоли ҳаётига салбий таъсир қилмоқда. “Бугундан бошлаб 2 марта кўпроқ масъулият елкамизга тушади, масалани туман кенгашларига қўйиб, халқ рози бўлса, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ишни бошлаш керак,” деб уқдириб ўтдилар муҳтарам Президентимиз. Ҳаёт давом этади. Юртимиз ободлиги, иқтисодиётимиз барқарорлиги ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлидаги бунёдкорлик ишларини босқичма-босқич давом эттиришнинг бошланиши юрагида Ватан меҳри бўлган ҳеч бир инсонни бефарқ қолдирмайди.

 

Музафара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+