Саховатли депутат 12 та оилага гўшт тарқатди

20.10.2020 13:10:54

Халқ депутатлари Сайхунобод туман Кенгаши депутати Истади Бекназаров пандемия даврида ишсиз қолган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига саховат кўрсатиш мақсадида тумандаги 12 та оилага кўмак берди. Ҳар бир оила учун бепул гўшт тарқатди.

-Биз депутатларни аҳолимиз ишонч билан сайлади. Айни синовли кунларда улар билан ёнма-ён туриш ҳар қандай вазифамиздан устун бўлиши зарур. Шу сабабли сайлов округим ҳудудида  доимий равишда аҳоли билан мулоқот қилиб, ким нимага эҳтиёжманд, кимга қандай ёрдам керак бўлса имкони борича кўмак беришга ҳаракат қилдик. “Темир дафтар”га киритилган оилалар билан мулоқотларни йўлга қўйганмиз. Карантин чоралари юмшатилгач ҳам ишсизлар сони тўлиқ камайгани йўқ. Демак, олдимизда камбағалликни қисқартиришга оид ишлар кўп - дейди биз билан суҳбатда депутат.

Шу ўринда айтиш жоизки, Истади Бекназаров пандемия эълон қилинган кундан бошлаб ҳар ойда ўзи сайланган ҳудуд аҳолисига 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ҳомийлик тариқасида тарқатиб келди. Бу озиқ-овқатлар рўйхатида гўшт маҳсулоти ҳам бор.

-Гўшт маҳсулоти бозорларда қимматлашган бир пайтда аҳоли уни сотиб олишга қийналаётгани суҳбатлар жараёнида маълум бўлди. Шу сабабли асосий турдаги маҳсулотлар рўйхатига гўштни ҳам қўшдик. Маҳалла раислари билан ҳамкорликда депутатлар томонидан туман ҳудудида гўшт нархининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида айни кунларда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Таҳлилиларимиз мобайнида бозорларда нафақат гўшт, балки тухум, шакар ва ёғ маҳсулотларининг ҳам нархи сезиларли ошганининг гувоҳи бўлдик. Халқ депутатлари туман Кенгашидаги партиянинг депутатлик гуруҳи аъзолари билан биргаликда аҳоли сотиб олиши мумкин бўлган асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархини барқарорлаштириш масаласини туман Кенгашининг сессияси кун тартибига киритиш ниятидамиз - дея келгусидаги режалари билан ўртоқлашди ёш депутат  Истади Бекназаров.

Албатта, қўлда берганга қуш тўймас, деган нақл бор халқимизда. Энг муҳими депутатларнинг саховати аҳолидаги боқимандалик кайфиятини юзага келтириш учун эмас, балки ҳаракат қилса ҳар қандай масалага ечим топиш мумкинлигини амалда исботлаш учун хизмат қилиши  керак.

“Саховатли депутат” лойиҳаси вилоят миқёсида давом этмоқда.

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+