Саховатнинг навбатдаги манзили - Гулистон

11.11.2020 12:11:17

“Саховат –беназир қадрият” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон “Адолат” СДП  Сирдарё вилоят Кенгашида  ўтказилаётган тадбирлар давом этмоқда. Навбатдаги манзил эса Гулистон шаҳри бўлди. “Бўстон” маҳалласи, 13-уй,  47-хонадонда истиқомат қилувчи Олга Евсевадан халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгаши депутати Дилшод Тожибоевга мурожаат бўлди. Мазмунида фуқаро биринчи гуруҳ ногирони эканлиги ва бугунги кунда ногиронлик аравачасига эҳтиёж сезаётганлиги акс этди. Вазият ўрганилганда ҳақиқатдан ҳам Олга Евсева тўрт йилдан буён инсульт касаллиги билан оғригани ва тўшакка михлангани аниқ бўлди. Демак аёлга зудлик билан ногиронлик аравачасини етказиш зарур бўлади. Бу борада ташаббусни қўлдан бой бермаган депутат Дилшод Тожибоев Гулистон шаҳар тиббий ижтимоий хизматлар шўъбасига депутатлик сўровини жўнатди. Орадан бир кун вақт ўтиб ижобий жавоб олинди ва мурожаат муаллифининг хонадонига Ўзбекистон “Адолат” СДП  Сирдарё вилоят Кенгаши ва депутат томонидан ногиронлик аравачаси етказиб берилди.

-Мен “Адолат” партияси ва депутатларига  рахмат айтаман. Чунки бир неча йиллардан буён ногиронлик аравачасини сўраб мурожаат қиламан. Лекин натижа бўлмаётган эди. Шу масалада  партия ва депутатларга кеча  мурожаат қилган эдим бугун эса уйимга совға сифатида олиб келиб беришди.  Қувончдан дардимни ҳам унутгандек бўлдим, - дейди биз билан суҳбатда Олга Евсева.

Албатта аҳолининг хақли мурожаатига ўз вақтида жавоб бериш нафақат қонун мезонлари, балки инсонийлик қоидалари билан ҳам белгилаб қўйилган. Зеро кимгадир қилинган ғамхўрлик ва саховат зарур пайтда инсонлар бир-бирига ёрдам қўлини чўзиши кераклигини  доимо эслатиб туради.

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП  Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+