Сайхунобод ва Мирзаободнинг обод бўлмаган мактаблари

12.03.2021 17:03:07

Ўзбекистон "Адолат" СДП Сайхунобод туман Кенгаши раиси Мамлакат Бердиева ташаббуси билан   тумандаги мавжуд мактабларнинг аҳволи ўрганиб чиқилди.  Натижада «Ўзбекистон» маҳалласида жойлашган 32- умумтаьлим мактаби ҳақиқатдан аҳволи оғир мактаблар рўйхатида биринчи эканлиги аниқ бўлди. Яъни 302 нафар ўқувчи таҳсил олаётган мактабда синф хоналари етишмайди.  Мактаб билан мактабгача таълим ташкилоти бир бинода жойлашгани ҳам бунга исбот бўла олади. Шунингдек ўқувчилар ўтириши учун мўлжалланган стуллар ҳам «отам замондан қолган» таърифига мос келиб қолган.

Шунингдек партиянинг Мирзаобод туман Кенгаши раиси Шерали Шойзоқов бошчилиги ҳам аҳволи оғир мактаблар бор-йўқлиги ўрганиб чиқилди. Жараёнда  туманнинг 15-умумтаълим мактаби биносининг таъмирталаб  аҳволи ишчи гуруҳ эътиборини тортди. Ўрганишлар натижасида қуйидагича камчиликлар аниқланди. Яъни бинонинг ички ва ташқи қисмини пардозлаш, эшик ва дераза ромлари, яроқсиз ёғоч полларни алмаштириш, электр тизимини янгилаш,  том қисмига тарновлар ўрнатиш ҳамда  ички хожатхоналарни таъмирлаш ишлари ўз вақтини кутиб турибди.  Бинога  ичимлик суви қувурлари киритилмаганлиги, ёнғин хавфсизлиги ҳовузининг мавжуд эмаслиги ҳамда  худудни панжара тўсиқлар билан ўралмаганлиги муассаса техника хавфсизлиги талабларига ҳам жавоб бермай қўйганини тасдиқлаб турибди.

Вилоят халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотга кўра бугунги кунда Сайҳунобод туманидаги 33-мактаб, Ховос туманидаги 3-26 мактаблар, Боёвут туманидаги 23-43-мактаблар ҳам аҳволи оғир мактаблар рўйхатига киритилган.  Яъни ушбу ўқув масканларининг биноси  таъмирталаб аҳволда, моддий техник базасида камчиликлар мавжудлиги билан бир қаторда чекка ҳудудда жойлашганлиги сабабли малакали ҳамда инглиз тили фани ўқитувчиларига эҳтиёж бор.

Ишчи гуруҳининг баённомлари асосида шундай хулосага келинди. Ўқувчиларни яхши шароитларда таҳсил олишга ҳақи бор, албатта. Чунки мактабнинг таъмирталаб аҳволи, нураган деворлару, синиб  ётган парталар ёш авлоднинг руҳиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Чунки боланинг тасаввурлари, дунёқараши, жамият ҳақидаги тушунчалари айнан мактаб давриданоқ шакллана бошлайди. Демак бу борадаги камчиликлар зудлик билан ечим топишни тақозо қилади.

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят  Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+