Сайлов – 2021: Ногиронлиги бўлган шахсларга қулайликлар яратилади

28.07.2021 13:07:29

Жорий йилнинг 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясига старт берилди.  Айтиш мумкинки, бу йилги сайловлар  ўзгача руҳда ва кайфиятда бошланди.  Энг муҳими, нафақат халқимиз, балки дунё ҳамжамияти ҳам сиёсий жараёнга катта қизиқиш билан қарамоқда. Ўзгаришлар, янгиликлар, жамият, давлатимиз, ҳар бир фуқаро учун жуда муҳим аҳамиятга эгадир.

Илк бор Ўзбекистон Республикасининг сайлов Кодекси асосида ўтадиган Президент сайловида сайловчиларнинг барча қатлами фаол иштирок этишлари учун барча зарур шароитлар яратилади. Уларнинг ҳар бири нафақат конституциявий ҳуқуқидан унумли фойдаланади, балки  ҳаёти, оиласи, ўзи ва яқинлари  тақдирини  ўйлайдиган, фаровонлигини таъминлай оладиган муносиб намзодга овоз берадилар.  Давлат учун муносиб раҳбар тайинлаш,  халқаро жамиятдаги имиджини янада  оширишда ўз сиёсий  позициясига эга бўлган номзодни сайлашда муҳим танловни амалга оширадилар. 

Ўтган  йиллардан фарқли равишда  жорий йилда  сайлов декабрь ойидан октябрь ойига кўчирилиши ҳамда 24 октябрь  сайлов куни этиб белгиланиши  аҳоли учун қувончли воқеа бўлди. Халқаро сайлов стандартларига мослашиш, фуқаро электорал маданиятини оширишга қаратилган   тадбирлар  сайловларнинг моҳиятини янада оширмоқда.  Айтиш мумкинки, ўзгаришлар ҳар бир сайловчига жараёнда қатнашишини мажбурият эмас, балки, ўз овозини ҳал қилувчи  омил сифатида баҳолашига рағбат беради.

Қувонарлиси, Сайлов кодексига асосан ногиронлиги бўлган шахсларнинг  сиёсий жараёнда қатнашиш ҳуқуқларини амалга оширишнинг барча механизми қамраб олинган. Овоз бериш хоналари имконияти чекланган одамлар учун пандуслар билан жиҳозланган бўлиши керак. Сайлов участкаларида техник жиҳозлар — столлар, кабиналар ҳамда сайлов қутилари — ногиронлиги борлар аравачадаги сайловчиларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ўрнатилиши керак.

Қолаверса, кўзи ожиз сайловчи, шаблонга бўш бюллетенни қўйган ҳолда, рўйхатдан ўтган номзоднинг исмини Брайль алифбосини қўллаш орқали сезиши ва тегишли уянинг майдонига ўзи истаган белгини қўйиши учун шароит яратилади. Эшитмайдиган ҳамда эшитиш қобилияти паст бўлган сайловчилар учун овоз бериш кунида аризалар бўлса, овоз бериш жойларига сурдо таржимонлар таклиф қилиниши мумкин. Сайлов­олди телевидение дастурлари сурдо ­таржимонлар ва субтитр билан эфирга узатилади ҳамда кўзи ожизлар учун материаллар Брайль алифбосидан фойдаланган ҳолда махсус журналларда нашр этилиши  жуда муҳим ҳамда адолатлидир.

  Нодиржон ЖУМАБОЕВ,

 Бувайда тиббиёт коллежи директори,

 Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+