Сайлов қонунчилиги ва сайловчи

13.04.2024 09:04:11

Ҳуқуқий демократик давлат тўғрисида гапирганда, албатта, сайлов қонунчилигига эътибор қаратилади. Чунки, сайловлар орқали фуқаролар давлат ва жамият бошқарувида бевосита иштирок этади. Сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи фуқаронинг энг муҳим сиёсий ҳуқуқларидир. Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгашида ўтказилган “Сайловлар - демократия ифодаси” мавзусидаги давра суҳбатида айни шу тўғрида сўз юритилди.
Тадбир аввалида таъкидланганидек, амалдаги сайловлар йилида сиёсий билимларни мустаҳкамлаш катта аҳамиятга эга. Бу борада партия етакчилари зиммасидаги масъулият янада ортади. Сиёсий жараёнда фаол иштирок этиш учун ҳар биримиз сайлов қонунчилигини ўрганиб боришимиз лозим.
Иштирокчилар Сайлов кодексининг ҳар бир моддасига эътибор қаратдилар. Янги киритилган ўзгартиришлар ўрганилди.
Жанона Раҳимова, Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон шаҳар кенгаши раиси:
- Сайлов кодекси сайловларни қонуний ташкил этиш ва ўтказишда асосий қўлланмадир. Унинг ҳар бир моддасини ўрганиш мақсадга мувофиқ. 1-моддада кўрсатиб ўтилганидек, Сайлов кодекси Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, маҳаллий кенгаш депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хоҳиш-иродаси эркин билдирилишини таъминловчи кафолатларни белгилайди. Шу сабаб биринчи навбатда ўзимиз бу тартибни яхши билишимиз шарт.
Фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти ўсиб бораётгани қувонарли. Буни кейинги йилларда республикамизда ўтказилган сиёсий жараёнларда фаол иштироки ҳам кўрсатиб турибди. Навбатдаги сайловлар олдидан қонунчилигимизга киритилган ўзгаришларни жамоатчиликка етказишдан кўзланган мақсад сайловчиларнинг фаоллигини янада ошириш. Шундан келиб чиқиб, тадбирда ўрганганлари асосида партия фаоллари жойларда тарғибот ишларини олиб боришга қарор қилдилар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Андижон вилоят кенгаши
Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+