Сайловчилар депутатдан миннатдор

16.11.2022 12:11:49

Жорий йилнинг сентябрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойдин Абдуллаевага Тошкент шаҳар Миробод тумани Мирсалихова кўчаси 5-уй, 11-хонадонда истиқомат қилувчи фуқаро Елена Сабирова табиий газ  таъминоти бўйича ўзини қийнаб келаётган муаммо юзасидан мурожаат қилган эди.

Фуқаро билан суҳбатлашилганда, 2017 йилда муайян сабабларга кўра унга нисбатан табиий газ бўйича йирик миқдорда қарздорлик белгиланган бўлиб, газ таъминотидан узиб қўйилган экан. Вазиятни аниқлаштириш ва масалани ҳал этиш мақсадида фуқаро Е.Сабирова аввалига туман ва шаҳар, кейинчалик эса Республика даражасидаги бир қанча ташкилотларга мурожаатномалар йўллаган бўлишига қарамай, ҳеч қандай натижага эришолмаган.

Шундан сўнг фуқаро Е.Сабирова ўзининг қонуний ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида ушбу масала юзасидан судга мурожаат қилган. Ўз ўрнида, суд масалани фуқаро Е.Сабирова фойдасига ҳал этган бўлиб, табиий газ истеъмоли бўйича қарздорлик ноқонуний деб топилган ва фуқаро Е.Сабировани газ таъминотига улаш ҳақида қарор чиқарилган.

Суднинг чиқарган одилона қарори эса узоқ вақт бажарилмай келинди. Ўтган йиллар давомида фуқаро Е.Сабирова бормаган жойи, тақиллатмаган эшиги қолмади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойдин Абдуллаеванинг аралашуви билан юқоридаги масала ўзининг ижобий ечимини топиб, Е.Сабирова газ таъминотига уланди.

Масаланинг ижобий ечимидан мамнун бўлган Е.Сабирова Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, депутатга миннатдорчилик хатини йўллади.

Ўзбекистон "Адолат" СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+