Сайловда менинг овозим муҳим

06.09.2021 15:09:08

 

Ўзбекистон Адолат СДП Музработ туман Кенгаши томонидан тумандаги 21-умумий ўрта таълим мактабида “Сайловда менинг овозим муҳим” мавзусида  давра суҳбати ўтказилди.

Унда “Адолат” СДП Музработ туман Кенгаши вакиллари, депутатлар, БПТ фаоллари ва мактаб  ўқитувчи-педагоглари иштирок этди.

Давра суҳбатида маърузачилар томонидан иштирокчиларни Сайлов кодекси ва бошқа сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан таништириб ўтилди.

Мамлакатимизда нуфузли сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига  кенг кўламли тайёргарлик кўрилмоқда. Сайловлар жараёнида фуқаролар ўз ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланиши учун шароит яратилиши, тенглик, ошкоралик ва адолатлилик тамойилларига қатъий амал қилинишида Сайлов Кодекси муҳим ўрин тутади.  

Партиялар сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда аввалги қонунлар бўйича фақат биттадан кузатувчи бериши мумкин бўлган бўлса, Сайлов кодексида бундай чеклов чиқариб ташланди. Бу ҳам очиқлик, ошкораликни, жамоатчилик назоратини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, сиёсий партияларнинг тарафдорлари, уларни қўллаб-қувватловчилар сафини кенгайтиришга, кузатувчилар учун эса бир кун давомида сайлов участкасида қимирламай туриш эмас, балки алмашиб бу ваколатни амалга ошириш имконини яратади.

Тадбирда шунингдек, миллий қонунчилигимизга биноан сайлов куни 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга эканлиги айтиб ўтилди.

Бу йилги сайловларда 20 миллиондан ортиқ сайловчи овоз бериши кутилмоқда. Улардан 2 миллиондан ортиқ йигит-қиз эса биринчи марта сайловда иштирок этади. Шунингдек, муҳим сиёсий жараёнда ёшларнинг иштироки ҳақида сўз юритилди.

Тадбирда  юртимизда айни вақтда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнини эзгу мақсадимизни аҳолининг асосий қисмини ташкил этувчи ёшлар иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмаслигини, бугунги кунда фақат юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган ҳамда профессионал тайёргарликка эга бўлган ёшларгина сифатли, жадал ва инновацион тараққиётнинг энг муҳим шарти ва гарови бўла олиши, айнан улар мамлакатнинг буюк келажагини таъминлаши мумкинлигига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Тадбир давомида иштирокчилар мавзуга оид ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.

Зулфия БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Музработ туман Кенгаши фаоли

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+