Сайловда Янги Ўзбекистон ёшларининг фаоллиги муҳим

30.07.2021 19:07:58

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати, “Ёш адолатчилар” қаноти Республика ва ҳудудий Кенгашлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” аъзолари ва партиянинг фаол ёшлари билан “Президент сайловида Янги Ўзбекистон ёшлари” мавзусида онлайн конференция ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлар ходимлари, партиянинг “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаши раислари, Ёшлар парламенти аъзолари, фаоллар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Конференцияни ўтказишдан мақсади Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида ёшлар, айниқса биринчи маротаба сайловда иштирок этаётган ёшларни амалдаги Сайлов қонунчилиги билан яқиндан таништиришдан иборат. 

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Ёшлар парламенти, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон “Адолат” СДП “Ёш адолатчилар” қаноти вакиллари маърузалар билан иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, сайлов кампаниясида партиямизнинг қуйи бўғинларидан тортиб юқори органларида ҳам фаолият юритаётган ёшларнинг иштироки жуда муҳим ҳисобланади. Чунки, Ўзбекистон “Адолат” СДП эртанги кун эгалари бўлмиш ёшларга жамиятнинг муҳим қатлами ва келажаги сифатида қарайди. Сайлов жараёнлари ҳар биримиздан сиёсий фаолликни, ташаббускорликни талаб этади. Хусусан, бугунги замон ёшларининг олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳам ушбу жараёнларда фаол иштирок этиб, ўзининг саводхонлиги ва билимини оширишдан иборатдир.

Маърузачилар дастлаб Сайлов кодекси мазмун-моҳиятини тушунтириб ўтишди. Хусусан, илк овоз берувчиларнинг вазифалари, қандай иштирок этиши, овоз бериш жараёнларида овоз бериш тартиби юзасидан тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боришди. Шунингдек, ҳар бир сайловчининг фуқаролик позицияси, сайловда иштирок этиш ёши, овоз бериш тартиби хусусида қайд этишди. Сайлов кодексининг моҳияти хусусида айтиб ўтилар экан, унинг ҳар бир банди ва моддасига алоҳида тўхталиб ўтишди.

Конференция давомида маърузачилар томонидан берилган сиёсий билим ва маълумотлар йиғилганларнинг сайлов жараёнида фаоллигини таъминлашда ҳамда уларнинг дунёқарашини сиёсий жиҳатдан ўзгартиришда хизмат қилди.

Тадбирда  ёшларнинг фикр-мулоҳазалари ўрганилди, уларнинг сиёсий жараёнлардаги фаолликлари шакллантирилди. Ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш, сайловда уларнинг фаоллигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган онлайн конференция фикр-мулоҳазаларга бой бўлди.

 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+