Сайловлар жамият ривожланишининг кўзгусидир

26.07.2021 14:07:49

Сайловлар демократик-ҳуқуқий давлатни шакллантириш ва ривожлантиришнинг муҳим шарти ҳисобланади. Сайловлар орқали фуқаролар сиёсий иродасини ифода этиш имконига эга бўладилар, ҳамда давлат ҳокимияти органларини шакллантиришга таъсир  кўрсатиб, давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини амалга оширадилар.  Шу боис демократик талабларга жавоб берадиган замонавий сайлов тизимини яратиш, фуқаролар ва сиёсий партияларнинг сайлов жараёнларида эркин ва фаол иштирокини таъминлаш, сайлов ҳуқуқларини тўла рўёбга чиқаришнинг ишончли кафолатлари мамлакатимизнинг сўнгги йилларда амалга оширилаётган янгиланиш ва барқарор ривожланиш сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бирига айланди.

Куни кеча мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараён - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови компаниясига старт берилди.  Илк бор Ўзбекистон Республикасининг сайлов кодекси асосида ўтадиган Президент сайловида Конституциявий қоидалар ва халқаро сайлов стандартларига биноан Ўзбекистон Республикасининг Президенти, яъни давлат раҳбари якдиллик принципи асосида сайланиши таъминланади. 2019 йил 26 июндан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг сайлов кодекси мамлакатимизнинг сиёсий жабҳасида катта аҳамиятга эга бўлиб, Президент, парламент ва маҳаллий вакиллик органлари сайловларини ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солувчи қонунларни ўзида бирлаштирган асосий хужжат ҳисобланади. Сайлов кодексида умумий сайлов ҳуқуқи, тенг сайлов ҳуқуқи, яширин овоз бериш ҳуқуқи каби тамойиллар ўз аксини топган. Жорий йилнинг 31 май куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини кафолатлаш, сайловолди жараёнида ҳамда сайловда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли кенг қатламига ўз фуқаролик позициясини намоён этиш учун кенг имкониятлар яратиб берди.

Қонунга асосан, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 20, 22, 101 ва 102 – моддаларида юқори турувчи сайлов комиссияларининг ваколатларидан қуйи турувчи сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишни чиқариб ташлаш кўзда тутилган. Амалдаги Сайлов кодексига мувофиқ, сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар судлар билан бир қаторда юқори турувчи сайлов комиссияларига ҳам берилиши мумкин. Бунда, судлар ва сайлов комиссияларига такрорий шикоятлар тушиши, улар томонидан бир-бирига зид бўлган қарорлар чиқарилиши эҳтимоли мавжуд бўлади.

Қонуннинг 21-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва саккиз – ўн саккиз нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилишини белгилаш амалиёти жорий этилди.

Қонуннинг 48-моддасида сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиши жойи ва вақти ҳақида тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилиши, бунда, ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб этилмаслигини назарда тутилган. Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти сайловлар бўйича миссияси томонидан эса сайловчилар билан учрашувларни ўтказиш учун алоҳида рухсатнома талаб этилмаслигини ва номзодлар уларнинг ўтказиш жойи ва вақти ҳақида тегишли ҳокимликларни 3 кун олдин ёзма равишда хабардор қилиши лозимлигини белгилаш тавсия этилган эди.

Шунингдек, қонун нинг 31-моддасидан сайлов бюллетенида номзоднинг эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш жойи кўрсатилиши ҳақидаги нормани чиқариб ташлаш ҳамда 38-моддасида сайловларда сиёсий партия ёки номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишда фуқаролар паспорт билан бир қаторда идентификация картаси орқали ҳам шахсини тасдиқлаши мумкинлигини белгилаш амалиёти жорий этилмоқда. Сайлов  кодексига киритилган ҳуқуқий норма ва янгиликлар миллий сайлов қонунчилигимизни халқаро сайлов стандартлари асосида такомиллаштириш ва юртимизда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотларни халқаро ҳамжамиятга етказишга хизмат қилади.

Республикамизда жадал суръатларда олиб борилаётган ўзгаришлар асосида, авваламбор, Конституциямизда белгиланган давлат органларининг халқ манфаатларига хизмат қилишига доир тамойилни жорий этиш билан чамбарчас боғлиқдир. Бу борада халқимиз ва бутун дунё мамлакатимизда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўлмоқда. Бўлажак сайловларда ривожланган сиёсий фикрлаш, фуқаролар маданиятини такомиллаштириш, жамиятда демократия, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш яна бир бор ўз тасдиғини топишига шубҳа йўқ. Сайловларнинг демократик, адолатли ва ҳалоллигини таъминлашда хориж тажрибасини ўрганиш асосида Ўзбекистонда сайловлар декабрь ойининг учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасидан октябрь ойининг учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасига кўчирилди. Жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови  жараённинг шаффофлиги, янгиланган миллий сайлов қонунчилиги ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос равишда, демократик тамойиллар асосида ўтказиш учун керак бўлган барча чора кўрилиб, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини кафолатлаш, сайловолди жараёнида ҳамда сайловда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли кенг қатламига ўз фуқаролик позициясини намоён этиш учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.

Сайловлар арафасида фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, аҳолини сайловларда фаол иштирокини таъминлаш учун сиёсий жараённи юқори савияда ташкил этиш муҳим вазифалардан биридир. Мазкур сиёсий тадбирнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва мамлакатимиз қонунларига, шунингдек, умумэътироф этилган халқаро демократик меъёрларга тўла ва тўлиқ мос ҳолда ўтказилиши кўп жиҳатдан жамиятимизнинг сиёсий маданияти, сайловчиларнинг сайловлардаги фаол иштироки, уларнинг сиёсий етуклиги ва фуқаролик бурчидан хабардорлигига боғлиқ. Зеро, ҳар бир фуқаро мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлардан хабардор бўлса, бу жараёнга онгли равишда ёндошса, конституцион ҳуқуқидан фаол тарзда фойдаланиб сайловларда иштирок этсагина мамлакатнинг ривожи учун ўз хиссасини қўша олади.

 

 

Муҳаммаджон ВАЛИЕВ,

"Адолат" СДП фракцияси аъзоси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+