Сайловолди вазифалар белгилаб олинди

15.11.2019 13:11:07

Жорий йилнинг 14 ноябрь куни Халқаро матбуот маркази Навоий вилоят бўлимида Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий вилоят Кенгаши томонидан “Сиёсий партияларнинг ишончли вакиллари ва кузатувчилари: мақсад ва вазифалар” мавзусида семинар ўтказилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасига, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда  номзодларнинг ишончли вакиллари ва кузатувчилари, партиянинг туман ва шаҳар Кенгашлари раислари, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад партия томонидан сайлов кампанияси даврида амалга оширилган ишлар, номзодларнинг ишончли вакиллари ва кузатувчиларининг мақсад ва вазифалари, партиянинг сайловолди дастури тўғрисида иштирокчилар билимларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Семинар давомида таъкидланганидек, партиянинг вилоят ташкилоти сўнгги уч йилдан ортиқ вақт мобайнида ўтаётган ҳар бир кунимиз мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида муҳим воқеаларга, туб янгиланишларга бой бўлмоқда.  Хусусан, партия аъзолари сони 2016 йилда 13 минг нафар атрофида бўлган бўлса, бугунги кунда 40 минг нафардан ортиқни ташкил этиб, улар 650дан зиёд бошланғич партия ташкилотларига бирлашган улкан кучга айланган. Шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида эришилаётган натижалар салмоғи йил сайин ошиб бормоқда. Шу қаторда партия томонидан бу борада ўзининг дастурий мақсад ва вазифаларини ишлаб чиқишда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги маълум қилинди.

Янгиланаётган Ўзбекистондаги янги сайлов жараёни биз учун катта синов ва масъулиятдир. Жорий сайловларга Ўзбекистон “Адолат” СДП пухта ҳозирлик кўрмоқда, айниқса, париянинг сайловолди дастурини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор берилди. Партиянинг 2 ноябрь куни ўтган Қурултойида сайловолди дастури тасдиқланди.

Бундан ташқари, партия томонидан халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари кўрсатган номзодлар рўйхати тегишли сайлов комиссияларига тақдим этилди. Бу борада номзодларнинг сифат таркибига алоҳида эътиборга моликдир. Жумладан,  халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та округга 60 нафар номзод тақдим этилиб, уларнинг 25 (42%) нафарини аёллар, қолган 35 нафарини (58%) эркаклар ташкил этмоқда. Соҳалар кесимида эса энг кўпи таълим соҳаси вакиллари - 22 нафар (36,6%),  тиббиёт соҳаси вакиллари - 8 нафар (13,3%)ни ташкил этмоқда. Шунингдек,  8 нафари (13,3%)  30 ёшгача бўлган ёшлардан иборат.

Шу билан бирга, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига партия томонидан 285 та сайлов округининг барчасига ўз номзодларини тақдим этишди. Номзодларнинг 131 нафари (45,9%)ни аёллар, 154 нафари (54%) эркаклардан иборат. Мазкур номзодларнинг соҳалар кесимида қаралганда 16 нафари (5,6%)ни тадбиркорлар, 40 нафари (14%)ни  тиббиёт соҳаси вакилларини, энг кўпи - 102 нафари (35,7%) таълим соҳаси вакилларини ташкил этмоқда. Шунингдек, ҳар бир сайлов участкасига ўзларининг кузатувчилари ҳамда ваколатли вакиллари партиянинг фаол аъзолари орасидан саралаб, бириктирилди.

Умуман олганда, қизғин кечаётган жорий йилги сайловларга партия ҳар томонлама муносиб ҳозирлик кўрди ҳамда олдинги йилларга нисбатан кўп овоз олишга астойдил бел боғлаган.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Навоий вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+